Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзавтосаноат» вакили нархи 10 000 АҚШ долларига тенг автомобилларни «арзон» дея таърифлади

«Ўзавтосаноат» вакили нархи 10 000 АҚШ долларига тенг автомобилларни «арзон» дея таърифлади

Фото: АОКА матбуот хизмати

Ўзбекистонда келгусида 10 000 АҚШ долларидан арзон автомобиллар ишлаб чиқарилмайдими?

«Ўзавтосаноат» стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров Ўзбекистонда яқин 5 йилликда нархи 10 000 АҚШ долларига тенг «арзон» автомобиллар, кейин эса 15 000 долларлик кроссоверлар ишлаб чиқарилишини билдирди.

Аввал хабар берилганидек, бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси» мавзусида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда 2030 йилга қадар мўлжалланган Ўзбекистон автосаноатини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берилди.

«Ушбу концепция интернетдаги порталда эълон қилинади, ўрганиб чиқасизлар, муҳокама бўлади, — деди «Ўзавтосаноат» стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров. — Мазкур концепцияда 2 та тенденция ҳисобга олинган: биринчи 5 йилликда нархи 10 000 АҚШ доллари атрофида бўлган арзон автомобиллар ишлаб чиқарилишига эътибор қаратилади, чунки шу тоифа транспорт воситаларига талаб юқори бўлади. Дунё тажрибасидан маълумки, кроссовер, яъни йўлтанламас автомобилларга қизиқиш ва эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда биринчи 5 йилликдан кейин янги тенденция бошланишини тахмин қиляпмиз: келгусида Ўзбекистонда нархи 15 000 АҚШ доллари атрофида бўлган кроссовернинг кичикроқ моделларини ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади».

Мулоқот давомида премиум сегментда Chevrolet Equinox кроссовери, Chevrolet Trailblazer йўлтанламас ва Chevrolet Traverse оилавий кроссовери ишлаб чиқарилиши жорий йилнинг охиригача бошлашни режалаштирилаётгани билдирилди.

«Ўзавтосаноат» мутасаддиларининг айтишича, премиум сегмент мамлакатимизда катта талабга эга эмас, ҳатто автоконцерн умумий ҳажмининг 10 фоизини ҳам ташкил этмайди, чунки ҳамманинг ҳам бундай автомобил сотиб олишга қурби етмайди.

«Шу йилнинг охирида, эҳтимол декабрда ёки кейинги йилнинг бошида 3 та янги модел ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, — деди Рустам Қодиров. — Уларнинг ҳажми кам бўлади. Биз талабдан келиб чиқиб, иш тутамиз. Сотиб олинмайдиган минглаб Тrailblazer ишлаб чиқаришнинг нима кераги бор? Бозорга қанча машина керак бўлса, шунча чиқарамиз».

Учрашувда Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида Россиядан кейин иккинчи энг катта бозор экани қайд этилди. Қозоғистон, Россия, Беларус, Украина эса Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозорлари сифатида тилга олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг