Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Канададаги автоҳалокат қурбонлари сони 15 нафарга етди

Канададаги автоҳалокат қурбонлари сони 15 нафарга етди

Фото: «Nv.ua»

Кеча, 7 апрель куни интернет-ОАВда Канадада даҳшатли автоҳалокат рўй бергани ҳақида хабарлар берилди. Ёшлар лигасида иштирок этувчи хоккей клуби жойлашган автобус ва юк машинаси тўқнашиб кетиши оқибатида 14 киши ҳаётдан кўз юмгани, 3 кишининг аҳволи оғир эканлиги айтилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, жароҳатланганларнинг яна бири вафот этган.

Автобусда ҳайдовчи билан бирга 29 киши бўлган. Полиция қурбонларнинг исм-фамилиясини айтишга шошмаяпти. Аммо ҳалокат шоҳидлари жамоа сардори ҳамда мураббийи вафот этгани ҳақида хабар беришган.

Ҳалокатга ҳарорат тушиб кетиши натижасида трассанинг музлагани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мамлакат бош вазири Жастин Трюдо ҳалокатдан жабр кўрган оилаларга ҳамдардлик билдирди.

Фото: «Nv.ua»

Автобусда «Ҳумболдт Бронкос» хоккей жамоаси бўлиб, улар Нипавин шаҳрига, маҳаллий «Ҳокс» жамоасига қарши бешинчи ярим финал баҳсини ўтказиш учун кетаётган эди. Икки кун олдин улар овертаймда 5:6 ҳисобида мағлуб бўлишган, кейинги ўйинда мағлубият уларни «плей-офф»дан чиқариб юбориши мумкин эди. Ўйинга 16-21 ёшли 24 ўйинчи йўл олган эди.

«Ҳумболдт Бронкос» хоккей клуби Саскачеван хоккей лигаси ташкил этилганидан буён (1968 йил) унда иштирок этиб келади. Улар бир неча бор, охирги марта 2012 йили чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишган. Турли йилларда «Ҳумболдт Бронкос»да 1992 йилги олимпиада совриндори Курт Жил, «Чикаго» ҳимоячиси Шелдон Брукбенк, «Питтсбург» сафида «Стенли кубоги»нинг икки карра соҳиби бўлган Крейг Женнигслар фаолият юритган.

«GoFundeme» сайтида хайрия акцияси ўтказилиб, бир кун ичида жабрланганларнинг оилаларига 2 миллион доллар маблағ йиғилган. Округдаги меҳмонхоналар жабрланганларга ўз хизматларини бепул таклиф этишмоқда. НХЛ клублари ва дунёнинг юзлаб хоккейчилари ўз ҳамдардлигини билдиришди.

Канадада аввал ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлган. Ҳумболдтдан тўрт соатлик масофада 1986 йили авария оқибатида хоккей жамоасининг бир қисмидан ажралган Свифт Каррент шаҳри жойлашган. Ўшанда жамоа автобуси йўлдан чиқиб кетиб, ағнаб кетган ва 100 метр нарига бориб тўхтаган. Тўрт киши қурбон бўлган. Улардан бири Канада терма жамоаси ва «Буффало»нинг собиқ мураббийи Линди Раффнинг катта акаси бўлган. Шунингдек, автобусда кейинчалик НХЛда юлдуз даражасига чиққан 17 ёшли Жо Сакик ҳам бор эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг