Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбек мигрант-ишчилари «Газпром»нинг пудратчи компанияси офисини остин-устун қилишди (видео)

Ўзбек мигрант-ишчилари «Газпром»нинг пудратчи компанияси офисини остин-устун қилишди (видео)

Скриншот

Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи ишчилари пудратчи компания офисини остин-устун қилишди. РБК хабарида воқеа юзасидан безорилик бўйича жиноий иш очилгани айтилмоқда.

Тартибсизликлар «Газпром»нинг пудратчи ташкилоти «Renaissance Heavy Industries»нинг вахта шаҳарчасида содир бўлгани айтилмоқда. Бунинг оқибатида «ташкилотнинг маиший ва маъмурий биноларига зиён етказилган», дейилади хабарда.

Низо келиб чиқишига «Renaissance Heavy Industries» ходимлари ва унинг раҳбарлари ўртасида қўшимча молиявий рағбатлантириш борасидаги келишмовчилик сабаб бўлгани тақдим этилган пресс-релизда келтирилган. Қўшимча қилинишича, пудратчилар лойиҳа шартномаси мажбуриятлари доирасида ўз вақтида ва доимий асосда маош олиб келишган.

«Vesti.ru» хабарига кўра эса, мигрантлар (видеодаги овозлардан улар ўзбеклар экани кўриниб турибди) маошлари оширилишини ва карантиндаги уч ой учун ҳам ҳақ тўлашларини талаб қилишган.

Исёнчи ишчиларга қарши Росгвардия кучлари ташлангани, уларнинг етакчилари қўлга олиниб, безорилик бўйича иш очилгани маълум қилинган.

Амур вилояти прокуратураси сайти хабарида «Renaissance Heavy Industries» ишчилари маошлари оширилишини талаб қилгани маълум қилинган бўлса, айрим бошқа манбаларда ойликлар уч ой давомида берилмагани исёнга сабаб бўлгани келтирилган. Назорат органи қурилиш ташкилотида ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларига қандай риоя қилинаётганини ҳам текширмоқда, дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг