Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда сув тошқини нохуш ҳолатларни келтириб чиқарди

Самарқандда сув тошқини нохуш ҳолатларни келтириб чиқарди

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Самарқанд вилоятида 31 октябрь куни кузатилган ёмғир сувлари Самарқанд шаҳридаги «Ўзбекистон», «Спитаменшоҳ», «Нарпай», «Фирдавсий», «Мирзо Улуғбек» ва «М.Қошғарий» каби кўплаб кўчалардаги ариқларга сиғмасдан автомобиль йўлларига чиқиб кетиши қайд этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Шунингдек, кўп миқдорда ёққан ёмғир сувлари шаҳарнинг «Сўзангарон», «Истиқбол», «Зарафшон», «Шаҳробод» ва «Фидокорлар» маҳаллаларидаги кўчалар ва аҳоли хонадонларига оқиб кириш каби ўнлаб нохуш ҳолатлар қайд этилиб, фуқароларга бир қатор муаммоли вазиятларни келтириб чиқарди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Мазкур ҳолат бўйича вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, тегишли хизматлар билан ҳамкорликда, мурожаат қилган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиб, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олди олинишига муваффақ бўлинди.

Жумладан, кучли ёмғир натижасида Самарқанд шаҳридаги «Ўзбекистон» кўчасидаги ариқлар сувга тўлганлиги боис 34-умумтаълим мактаби ҳовлисига кирган. Ушбу вазиятда қутқарувчилар томонидан қувурларга тиқилган чиқиндилар тозаланиб, сув йўли очиб юборилди ва хавфнинг олди олинди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Шунингдек, «М.Қошғарий» кўчасида ҳаракатланиб келаётган «Некcия» русумли, «Рудакий» кўчасида эса «Дамас» автомашинаси йўлни кўрмаслиги натижасида ариққа тушиб кетиши кузатилган. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отрядининг махсус машинаси ёрдамида ушбу техника воситалари ариқдан чиқарилди.

Бундан ташқари, шаҳарнинг «Бирлик» кўчасидаги 1-тор кўча 5-уйда фуқаро М.Нигоранинг яшаш хонадонининг ертўласини сув босган. Махсус восита ёрдамида оқова сувлари ертўладан чиқариб ташланди ва юзага келиши мумкин бўлган хатарнинг олди олинишига эришилган бўлса, «Фидоийлар» маҳалласи 52-уйда яшовчи фуқаро Бегимқулова Фотиманинг уйига оқова сувлари кирган вазиятда қутқарувчилар томонидан жами 6 нафар ёш фарзандларини уй ичидан хавфсиз жойга олиб чиқилиб, болажонларнинг хавфсизлиги таъминланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг