Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги нотариал идоралардаги муаммолар юзасидан Экспертлик комиссиясини тузди

Адлия вазирлиги нотариал идоралардаги муаммолар юзасидан Экспертлик комиссиясини тузди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлигининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, нотариал ҳаракатларни бажаришдаги амалиётдаги муаммолар, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар аҳолининг ушбу тизимга бўлган ишончини пасайтирмоқда.

Шунга кўра, амалиётдаги мавжуд муаммоларни батараф этиш ва нотариат тизимини замон талабларига мос келадиган соҳага айлантириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузурида нотариат соҳасида ягона амалиётни шакллантириш бўйича Экспертлик комиссияси ташкил қилинди, дея маълум қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати. 

Экспертлик комиссияси таркибига жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи 7 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркибига  ҳуқуқ соҳасидаги етакчи мутахассис-олимлар, тажрибали нотариуслар ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари киритилди.

Комиссияга нотариал ҳаракатларни амалга оширишда жойлардаги  мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни қонуний ҳал қилиш, соҳада бир хил амалиётни таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга, фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилишга, уларни турли хил оввора-сарсон қилишга шарт-шароит яратувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, комиссияга нотариал ҳаракатларни бажариш учун тақдим қилинадиган ҳужжат турларини тубдан қисқартириш, фуқароларнинг ортиқча овворагарчилигини олдини олиш мақсадида нотариал ҳаракатларни бажариш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни электрон тизим орқали олиш ҳамда қонунчиликда нотариал тасдиқлаш мажбурий талаб қилинадиган битим ва ҳужжатларнинг турларини қисқартиришнинг қонуний йўлларини излаб топиш вазифалари топширилди.

Экспертлик комиссиясининг ташкил қилиниши келгусида нотариат соҳасида амалиётдаги муаммоларни қонуний ҳал қилиш, бир хилликни таъминлаш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларга сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг