Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адвокатларнинг ихтисослашуви нега зарур?

Адвокатларнинг ихтисослашуви нега зарур?

Фото: «gazetaingush.ru»

2018 йил 12 майда Президентнинг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди. Ижтимоий тармоқларда мазкур фармонни қабул қилиш зарурати ва унга кўра адвокатура соҳасида кутилаётган янгилик ва ўзгаришлар ҳақида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Айрим изоҳларда адвокатлик билан шуғулланиш учун олинадиган лицензия масаласида, касбий ва малакавий кўникмаларни баҳолаш учун ўтказиладиган аттестация масаласида эътирозларни учратиш мумкин. «Xabar.uz» мазкур масалалар юзасидан Адлия вазирлиги масъул ходими Бобур Каримовнинг фикрлари билан қизиқди.

— Ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун адвокатларнинг ихтисослашуви ниҳоятда зарур эди, — деди Бобур Каримов. — Албатта, ушбу соҳа вакиллари ихтисослашувига оид қонунчиликдаги талаблар адвокатларга маъқул келмаслиги мумкин. Табиийки, ҳаловат йўқолади, қулайлик бузилади дейишингиз ҳам мумкин. Бироқ қонунчиликдаги бу ташаббуслар аҳолига кўрсатиладиган ҳуқуқий хизмат сифати ва самарадорлигини яхшилашга қаратилган.Ҳозирги вақтда адвокатлар кўрсатаётган хизматларнинг сифати ва уларнинг айримларининг саводхонлиги етарли даражада эмаслигига оид кўплаб шикоятлар мавжуд. Адвокатларнинг ихтисослашуви билан боғлиқ қарорга айримлар айтаётганидек «шошилинч равишда» келингани йўқ. Балки аввалги камчиликлар ўрганилиб, чуқур таҳлил қилиниб, зарурат юзасидан шундай қарорга келинди.Умуман олганда, битта адвокат қанчалик саводли бўлишидан қатъи назар ҳам қонунчиликнинг барча соҳаларини, ҳам ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ўзига хос хусусиятларини бирдай яхши ўзлаштириши мумкин эмас. Шунинг учун бу соҳада эгалланган билимлар, адвокат мақомига лойиқлик ҳаққоний равишда аттестациядан ўтказилиши керак.Агар талабгорлар бўлса, тегишли йўналишда лицензия олиш борасида ҳеч қандай тўсиқ ёки муаммо йўқ. Марҳамат, билим ва малакангиз етарли эканлигини кўрсатинг ва лицензияга эга бўлинг. Бу сизнинг ҳуқуқларингизни чеклаш учун қилинаётган иш эмас. Балки халқимиз, давлатимизнинг сизга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бирйўла ўзингизнинг ҳам салоҳиятингизни тарозида ўлчаб оласиз.

Синов жараёни онлайн тарзда узатилиши шаффофликни таъминлаш, зарур ҳужжатларни онлайн тартибда топшириш имкониятидан фойдаланиш, холисликни таъминлашга хизмат қилади.

Мисол учун, Германияда «ихтисослашган адвокат» тушунчаси адвокатлик жамияти томонидан яратилган бўлиб, улар ўзлари адлия вазирлигига таклиф билан чиқиб, ушбу номни 1994 йилдаги адвокатлар тўғрисидаги федерал қонунга ва низомга киритишни сўраганлар. Бу эса юқори даражада ҳуқуқий хизмат кўрсатилишини кафолатлайди.Худди шундай тартиб Францияда ва АҚШнинг айрим штатларида ҳам мавжуд. Фармонда мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида адвокатлар етишмовчилиги муаммоси мавжудлиги, адвокатлар ихтисослашуви эса бу муаммони янада чуқурлаштиришини ҳам инобатга олинган. Жумладан, адвокатлар бирон-бир даромадли ихтисосликни танлаб, аҳолини танлов ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкинлиги каби ҳолатлар ҳам эътибордан четда қолмади.  Шунга кўра ҳам қонун ҳужжатларининг тескари таъсир этишига олиб келмаслик, амалдаги адвокатлар хизмати «бозори»га камроқ таъсир кўрсатиш учун амалда фаолият юритаётган адвокатларга ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия уларни танлаган мутахассислиги бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда қайта расмийлаштириб берилиши белгиланди. Яъни улар аттестациядан ўтмасдан барча мутахассисликлар бўйича лицензицияларни олиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг