Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХХ Самарқандда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди

ДХХ Самарқандда катта миқдордаги гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Ургут туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган Баҳром Алиқуловнинг хонадони ертўласидан сотиш мақсадида яшириб қўйилган 4 кг. 635 гр. «опий» моддаси топилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Аниқланишича, ушбу оғу Баҳром Алиқуловнинг укаси 1997 йилда туғилган Ҳасан Шукуровнинг Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи таниши «Ражаб» исмли шахс томонидан Тошкент вилояти Бекобод туманига контрабанда йўли билан ўтказилиб, тегишли жойга яшириб кетилган. Ўз навбатида Баҳром Алиқулов мазкур гиёҳвандлик воситасини Ургут туманидаги яшаш манзилига олиб келган. Ушбу ишга алоқадор бўлган Баҳром Алиқуловнинг укаси Ҳасан Шукуров ҳам ҳибсга олинди.

Бундан ташқари, Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари ходимлари билан Самарқанд шаҳрида ўтказган бошқа бир тезкор тадбири давомида Тожикистон Республикаси фуқаролари Учқун Имомов ҳамда Доуд Қаробеков 1 кг 855 гр «опий» гиёҳвандлик воситасини мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб кириб, 20 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.

Аниқланишича, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи 1985 йилда туғилган Учқун Имомов ва 1983 йилда туғилган Доуд Қаробеков ушбу «опий» моддасини «ВАЗ-2110» русумли автомашинанинг ёқилғи бакига махсус жойлаштириб, яширинча олиб ўтишган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг