Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДХХ собиқ раисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган! Бош прокуратура буни тасдиқлади

ДХХ собиқ раисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган! Бош прокуратура буни тасдиқлади

Фото: «Gazeta.uz»

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси И.Абдуллаев ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тасдиқланди. Бу ҳақда бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Бош прокурор ўринбосари маълум қилди.

Унга кўра, ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Ж.Эгамов ва Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Б.Деҳқонов ҳам айни жиноят иши доирасида қўлга олинган. Мазкур жиноят ишига жами ўнга яқин мансабдор айбланувчи тариқасида жалб этилгани таъкидланди.

Собиқ мансабдорлар қандай жиноятларда айбланаётганига очиқлик киритилмади. Буни Бош прокурор ўринбосари ҳолатлар давлат сирларига боғлиқ экани билан изоҳлаб, тергов ёпиқ тарзда ўтказилаётганини урғулади.

Маълумки, генерал  Ихтиёр Абдуллаев  роппа-роса бир йил (2018-2019 йил) ДХХга раҳбарлик қилди.  Соғлиги ёмонлашгани туфайли ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилгани айтилган И.Абдуллаев узоқ йиллар республика раҳбарлик идораларида,  2015-2018 йилларда эса  Ўзбекистон бош прокурори сифатида ишлаган. 

Ж.Эгамовнинг ДХХ раиси биринчи ўринбосари сифатидаги фаолияти бир йилга етмаган.

Кейинги икки йил нари-берисида Олий суд раиси ўринбосари сифатида ишлаган Б.Деҳқонов илгари Республика ҳарбий прокурори, Андижон ва Самарқанд вилояти прокуратураларини бошқарган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг