Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ички ишлар собиқ ходими бошчилигидаги жиноий гуруҳ фош этилди

Ички ишлар собиқ ходими бошчилигидаги жиноий гуруҳ фош этилди

Иллюстратив фото.

Қўқон шаҳрида одамларни ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, ўзгаларнинг мулкини босқинчилик ва ўғирлик йўли билан талон-торож қилган жиноий гуруҳ қўлга олиниб, уларга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди

Мадамин Олимов (исми фамилияси ўзгартирилган) 2014 йилда ички ишлар идорасидан бўшатилганидан сўнг моддий бойлик орттириш мақсадида жиноий гуруҳ ташкил этиб, унга раҳбарлик қилиб келган. Ачинарлиси, у ўз туғишган укаси, Учкўприк туманида профилактика инспектори вазифасида ишлаб келаётган Ж.Олимовни ҳам бунга жалб этади. Улар А.Бакиматов, К.Аҳмедовлар билан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг анча миқдордаги мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ҳамда қурол билан ҳужум қилиб, босқинчилик каби бир қатор жиноятларни содир этган.

А.Бакиматов 2017 йил 20 сентябрь куни таниши Д.Любимов ўзига тегишли «Дамас» автомашинасини 6 минг 200 АҚШ долларига сотганидан хабар топиб, синфдоши М.Олимовга буни айтади. Мадамин ўз навбатида А.Бакиматовга укаси билан боғланиш ҳақида топшириқ бериб, Д.Любимовни уйга келтирмаслик чораларини кўриш вақтида ушбу пулларга эгалик қилишга ўзаро келишишган. Шундан сўнг А.Бакиматов Ж. Олимовга «ов» ҳақида қўнғироқ қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Ж.Олимов синфдоши К.Аҳмедов билан биргаликда Қўқон шаҳрига бориб, Д.Любимовнинг уйидан пулларни олиб чиқиши ҳақида топшириқ беради. 

К.Аҳмедов Д.Любимовнинг уйига девор орқали ғайриқонуний равишда кириб, хонадон ичидаги шкафдан 5 минг 800 АҚШ долларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган. Шундан сўнг К.Ахмедов ўғирлик йўли орқали олиб чиқилган пулларни Ж.Олимовга берган. Ж.Олимов эса мазкур пулларни гуруҳ аъзолари ўртасида ўзаро тақсимлаб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлар.

Бундан ташқари, М.Олимов Қўқон шаҳридаги академик лицейда бирга ишловчи С.Холматов билан яқин муносабатларга киришиб, унинг Қўқон шаҳар Парпашабоф кўчасидаги уйида пул ва тилла тақинчоқлар борлигидан хабар топиб, уни қўлга киритиш бўйича жиноий режа тузган. Режага кўра, Мадамин 2018 йил 11 январь куни соат 09:00ларда С.Холматовни ишга олиб кетиш баҳонаси билан унинг уйига келиб, уйда кекса Д.Мирсадиқованинг қолишига эришиб, С.Холматовни ишга олиб кетиб, бу ҳақда гуруҳ аъзоларига хабар берган.

Шундан сўнг, Ж.Олимов шу куни соат 11:00 ларда К.Аҳмедов ва А.Бакиматов билан бирга темирйўл вокзали яқинида учрашиб, уларни ўзининг бошқарувидаги транспорт воситасида Қўқон шаҳар Пўстиндоз кўчасига олиб келган. 

К.Аҳмедов ва А.Бакиматов Д.Мирсадиқова яшаб келаётган уйга келишиб, атрофида хеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилишганидан сўнг, ўзлари билан олиб келинган тиббиёт ниқобини юзларига тақиб, қўлларига қўлқоп кийиб, уйни очиқ турган дарвозаси орқали ҳовлига бостириб киришади. Д.Мирсадиқова турган хонага кириб, уни оғзини ёпиб, бўйнидан бўғиб, ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, уй ошхонасидаги пичоқ билан қуролланиб, ўлдириш билан қўрқитиб, ундан пул ва тилла тақинчоқларни беришни талаб қилишган. 14 миллион 450 минг сўмлик мулкларни босқинчилик йўли билан талон-торож қилган.

Мазкур жиноий гуруҳ қилмишлари олиб борилган суриштирув-тергов ҳаракатлари давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилоят бўлимининг ходимлари томонидан фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди томонидан жиноят иши кўриб чиқилиб, жиноят учун жазо муқаррарлиги тамойилига риоя қилинган ҳолда, судланувчилар М.Олимов ва Ж.Олимовларга узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. К.Аҳмедов ва А.Бакиматовлар ҳам қилмишларига яраша жазога тортилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг