Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги «самосуд» юзасидан расмий маълумот берди

Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги «самосуд» юзасидан расмий маълумот берди

Фото: «Facebook/Uzbekvideo»

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги Шаббоз бозорида ўғриликда гумон қилинган шахс қўлидан осиб қўйилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Ички ишлар вазирлиги  содир бўлган воқеа юзасидан расмий маълумот берди:

«2018 йилнинг 2 август куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Шоббоз» ҳафталик деҳқон бозорида ўғриликда гумонланган шахснинг арқон билан қўлларидан бозор кириш дарвозаси устунига осиб қўйилган ҳолати видеоси тарқатилганлиги юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, ҳолат шу йилнинг 1 август куни соат 6.00лар атрофида фуқаро У.А. томонидан содир этилгани кўрсатилган.

Фуқаро У.А. бозор ҳудудида савдо қилувчи одамлар томонидан ўғирлик содир этганликда шубҳаланиб, ушлаб турилган фуқаро Д.Н.ни қўлларини арқон билан боғлаб, бозорнинг кириш дарвозаси устунига осиб, фуқаро Д.Н.нинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи ҳаракатлар содир этган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаро Д.Н.нинг ўғрилик жиноятини содир этган ёки этмаганлиги терговда аниқлик киритилади ва бу ҳақда тергов якунига кўра қўшимча ахборот берилади», дейилади вазирлик ахборотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг