Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жазо ўзгартирилиб, судланувчи қамоққа олинди

Жазо ўзгартирилиб, судланувчи қамоққа олинди

Фото:«Sputnik»

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апеллация ҳайъати қуйи суд (ЖИБ Самарқанд шаҳар суди) ҳукмини ўзгартиришига тўғри келди. Албатта, биринчи босқич суди чиқарган ҳукмлар юқори инстанцияларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши табиий жараён. Бироқ юқори босқичларда жазо енгиллиги боис ўзгартирилган суд актлари амалиётда нисбатан кам учрайди-да.

Хуллас, жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 29 майдаги ҳукмига асосан (судья З. Аҳмедова)  З. Мардонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб,  унга нисбатан  беш йил озодликдан  чеклаш жазоси тайинланган.  Иш ҳолатига кўра, у  2019 йил 2 февраль куни соат 10:30ларда жабрланувчи Б. Ахмедов  билан  жанжаллашиб кетади. «Даҳанаки жанг» қўл кўтариш даражасига етиб, натижада жабрланувчи оғир тан жароҳати олади. Жароҳатки, жабрланувчининг юз-кўзи «бежалишидан» ташқари бош мияси чайқалиб, иккинчи бўйин умуртқа танаси синади!

Етказилган жазо оғирлиги ва жабрланувчининг даъвоси борлигига  қаратмай суд судланувчига  юқорида қайд этилганидек, беш йил озодликдан чеклаш жазоси тайинлайди.

 Айтиш шарт, жиноят малакалинишига гап бўлиши мумкинмас. Бироқ жиноятнинг тўғри малакаланиши тайинланган жазода ҳам ўз аксини топиши керак. Бировни уриб, умурқасини синдириш даражасига борган зўравон озодликдан чеклашга эмас, бунданам оғирроғига муносиб.  Зеро, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-моддасига кўра: «Жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак».

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Баҳодир Алиқуловнинг  «Xabar.uz»га маълум қилишича,  «дело» апеллация инстанциясида кўрилиб,  ҳукм ўзгартирилди. Яъники, биринчи босқич суди тайинлаган «беш йил озодликдан чеклаш жазоси» бекор қилиниб, судланувчига нисбатан уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 Жазо ўзгартирилиши муносабати билан З. Мардонов  дарҳол қамоққа олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг