Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Мулло»нинг фолидан аввал сири очилди

«Мулло»нинг фолидан аввал сири очилди

Фотоколлаж: «Xabar.uz»

Ғиждувонлик Насрулло Бердиев (барча исм-шарифлар ўзгартирилди) ким учундир мулло, кимдир учундир «куф-суф»чи эди... Нима бўлгандаям,  туманда «донғи» кетганлардан. Бир неча маротаба фирибгарликда айбланиб, судда жавоб берганига қарамай, «мулло»ликдан воз кечмади. Ажабки, унинг «нафaси ўткирлигига» ишонадиган топилаверади-да.

Шулардан биттаси Саид Воҳидов. У бирорта «формали» ишга кириш ниятида эди. Когон тумани ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида ишлаб келган вобкентлик Бахтиёр Неъматов бажонидил ёрдам бермоқчи бўлди. Текинга эмас, албатта. Вилоятдаги танишларини ишга солиб, Саидни ўзи каби «пожарний»чи бўлишни таклиф этди. Бунинг учун бир ярим минг АҚШ долларини олди ҳам. Бироқ қуввати Саидни ЁХБга шаҳодатланган ходим сифатида эмас, балки Вобкент туманидаги эркин ёлланиб ишловчилар отрядига илаштириб қўйишга етди, холос.

Шунча пул сарфлаб, муроди ҳосил бўлмаган Саид Воҳидов нима қилди денг? Ўйлаб-ўйлаб... ғиждувонлик мулло Нуриллонинг ҳузурига борсами?! ЭҲ, хом сут эмган банда!

Хуллас, «мулло»га бориб, ўзини «ўқиб» қўйишни сўраш асносида пул сарфлаб, «форма» кия олмаганидан ҳасрат қилди. «Мулло» уни тинглар экан, гўё ёрдам қилмоқчи эканини айтди. Аввалига Саидни «ўқиб», йўлини «очиб» қўйиши учун 400 минг сўм миқдоридаги пулини олди. Сўнг ўзининг таниши, бир пайтлар тергов органида ишлаган Шокир Дадашевни гўёки Саиднинг тоғаси сифатида «ёллаб», унинг бир ярим минг долларини Бахтиёр Неъматовдан ундириб беришга ишонтирди.

Шундай бўлади ҳам.

Қонунни анча-мунча билган Шокир Дадашев «жияни»ни чув туширган Бахтиёр Неъматов билан учрашиб, унинг устидан «портал»га мурожаат қилишини билдирди. Шундан сўнг бошига не кунлар тушишини тасвирлаб ҳам берди.

Қисқаси, қўрқитув йўли билан пулни ундириб олди.

Шу билан Саид Воҳидовнинг мушкули осон бўлди, деб ўйлайсизми? Қаёқда. Шўрлик ёмғирдан қутилиб, дўлга дуч келганини қаердан билсин?!

Пулни қўлга киритишгач, «Мулло» ва собиқ терговчи Саидни аврашга тушади. «Мен сени «ўқиб» қўйдим. Тез кунда «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акционерлик компаниясининг Навоий шаҳридаги бўлимига ишга кирасан... Бунинг учун париларим рози бўлиши керак», дейди «мулло».

Шу тариқа содда ва гўл Саиднинг пуллари «қулоғини» ушлаб кетади.

...На пулдан, на ишдан дарак бўлавермагач, у тегишли органга ариза битади. Шундан кейингина «мулло» ва унинг шериги қиёфаси яна бир карра фош бўлади.

Натижани билиб турган бўлсангиз керак: тергов, суд, жазо...

«Мулло»нинг фолидан аввал очилган сири шу.

Лайло

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг