Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Она олдидаги мажбуриятни бажармаган ўғил қамоққа равона қилинди. Кейин-чи?

Она олдидаги мажбуриятни бажармаган ўғил қамоққа равона қилинди. Кейин-чи?

Фото: «LiveJournal»

Фарзандлари моддий таъминоти учун алимент тўламай юрган ҳақида эшитавериб, қулоқлар ҳам ўрганиб кетди ҳатто. Алимент тўламагани учун  бировнинг маъмурий қамоқ жазоси олиши ҳам янгилик бўлмай қолди. Яна гоҳ ҳайрат, гоҳ ҳасрат билан эшитяпмизки, оталар эмас, ўрни келса, оналар ҳам ҳам боласи учун алимент тўлашга мажбур қилинаётир.

Албатта, булар ёқимли ҳолат эмас. Айниқса, очиққўл-у  етимпарварлиги билан донг таратган ўзбеклар учун...

Энди бунданам оғриқли ҳолатлар учраб турибди: фарзанд она таъминотидан бўйин товламоқда! Тасаввур қиляпсизми?

Суд зафарободлик Н.Раҳматов зиммасига онасининг моддий таъминоти учун ҳар ой энг кам ойлик иш ҳақининг бир ярим баравари миқдорида алимент тўлаш мажбуриятини юклаган эди.

Фарзандга бундай мажбурият суд томонидан юклатилишининг ўзи ёқимсиз ҳолат.  Бироқ, на чора: фарзанд бурчини адо этмаганки, масала судгача етиб борибди...

Хўп, кейин-чи?

Кейин ҳам амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Фарзанд юраверди мажбуриятдан бўйин товлаб. Натижада алимент миқдори йиғилиб-йиғилиб, салкам беш миллион сўмга етдики, бу ёғига жиддий чора кўрилмаса бўлмайди. 

Шунга кўра, Мажбурий ижро бюроси Зафаробод туман бўлими давлат ижрочиси томонидан тўпланган ҳужжатлар туман маъмурий судига юборилди.

Зафаробод туман маъмурий судининг қарорига асосан Н.Раҳматовга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, дарҳол суд залидан қамоққа олинди.

Ўн беш сутка «ўтириб чиққан»дан кейин фарзандгинанинг андек «бурнига сув кирди»: 2.000.000 сўм моддий таъминот пулларини тўлаб берди. Қолганини қоплашни ҳам тезлаштирмоқчи.

Шундай қилишиям керак-да. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг