Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Прокуратура ходимларига пора беришга уринган шахслар ушланди

Прокуратура ходимларига пора беришга уринган шахслар ушланди

Фото: «Xabar.uz»

Пахтачи туман прокуратураси (Самарқанд вилояти) томонидан туман ИИБ қўриқлаш бўлими ходимига фаол қаршилик кўрсатган бир гуруҳ шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказиш давомида, 08.03.2019 йилда фуқаро Х.М. туман прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи Д.Б.нинг хизмат хонасига келиб, айбланувчилар унинг қариндоши эканлигини маълум қилиб, уларга нисбатан айбловни енгиллаштириш эвазига 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, терговчи лавозимида иш ўрганувчи Д.Б.нинг билдиргиси асосида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.М. туман ҳудудида жойлашган «Kim-Ping» номли ресторанда 5 минг АҚШ долларини Д.Б.га пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, 09.03.2019 йилда Наманган вилоят прокуратураси катта терговчиси Ш.Ж. вилоят прокурори номига билдирги билан мурожаат қилиб, «МҚ» МЧЖ, «НҚ» ДУК ва «СМ» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича «WPS» МЧЖ раҳбари Р.Э. барча жиноий ҳаракатлар учун масъулиятни ўз зиммасига олишини маълум қилиб, ишга алоқадор бошқа шахсларни жавобгарликка тортмаслик эвазига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилганлигини билдирган.

Ушбу билдирги асосида ўтказилган тезкор тадбирда, 10.03.2019 йилда Р.Э. терговчи Ш.Ж.нинг хизмат хонасида унга 10 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ўтган 2018 йил давомида прокуратура органларида кадрлар билан ишлаш тизими тубдан такомиллаштирилиб, ички хавфсизликни таъминлаш, ходимлар томонидан коррупциявий ҳолатларга йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муайян натижаларга эришилди.

Жумладан, 2017 йилда прокуратура органлари тизимида хизмат қилувчи ходимларга 20 та ҳолатда 4 минг 200 АҚШ доллари ҳамда 15 млн 424 минг сўм миқдорида пора таклиф қилинган бўлса, 2018 йилда 98 та ҳолат қайд этилган бўлиб, жами 57 минг 500 АҚШ доллари ҳамда 48 млн 885 минг сўм миқдорида пора таклиф қилинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан 2017 йилда прокуратура ходимларига пора таклиф қилган 16 нафар шахсларга нисбатан жиноят ишлари, 4 нафар шахсларга нисбатан эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

2018 йилда мазкур ҳолатлар юзасидан 82 нафар шахсларга нисбатан жиноят ишлари, 16 нафар шахсларга нисбатан эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар қўзғатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг