Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қарши шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари қачон қўлга тушганди?

Қарши шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари қачон қўлга тушганди?

Фото: «Xabar.uz»

Айрим сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳар прокурори ўринбосари пора билан қўлга олинганига оид хабарлар тарқалди. Хабарларда мансабдор беш юз АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётганда қўлга олинганини илғаш мумкин бўлса-да, баёнлардаги мавҳумликлар қатор саволлар туғдиргани боис вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратурага мурожаат этдик.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбарининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Қарши шаҳар прокурорининг собиқ ўринбосари М. А. жиноят устида қўлга олингани рост. Бироқ воқелик ижтимоий тармоқларда айтилаётгандек, шу кунларда эмас, балки ўтган йили, янада аниқроқ айтсак, 2018 йилнинг октябрида рўй берган. Яъни, М.А. иш юритувидаги шикоят аризаси юзасидан текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида АТБ «Микрокредитбанк» Қарши шаҳар филиалининг собиқ бошқарувчиси Л.Ж.ни шаҳар прокуратурасига чақириб, ундан ҳолат бўйича тушунтириш хати олиш жараёнида унинг «жавобгарлик масаласини ҳал қилвориш» билан пул таъма қилади. Унинг бу таъмагирлиги эса ўзига қимматга тушади: М. А. жиноий шериги Б.Э. орқали жами 600 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтда (11.10.2018 й) қўлга олинади. Шу ўринда алоҳида қайд этамизки, Қашқадарё вилоят прокуратураси раҳбариятининг ўзи мазкур ходимнинг ушбу ҳаракатидан хабар топиб, ички хавфсизлик бўлими томонидан ташкил этилган тадбир натижасида жиноят устида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари аллақачон тугаб, ҳатто суд ҳукм чиқариб бўлинган ҳам. Жиноят ишлари бўйича Қашқардарё вилоят суди ҳукмига кўра, М. А. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, унга беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бундан ташқари у икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам марҳум қилинган. Ушбу жиноят иши бўйича бошқаларга ҳам тегишли жазо тайинланган.

Юқорида таъкидланганидек, айни жиноятнинг фош этилиши прокуратура органларида коррупцияга қарши курашиш, тизимда ҳалол ходимлар таркибини шакллантириш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли тадбирларнинг амалий натижаларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари ўтган вақт давомида маҳкама раҳбариятининг қатъийлиги натижасида тизимдаги бир неча ўнлаб нопок ходимларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг