Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда «Трамадол» савдоси билан шуғулланган шахс 7 йилга «кесилди»

Самарқандда «Трамадол» савдоси билан шуғулланган шахс 7 йилга «кесилди»

Фото: «Google.com»

Нодир Бегматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кўп миқдордаги психотроп моддаларини Самарқанд шаҳри ҳудудига ташиб келиб, келгусида сотиш мақсадида ўзида сақлаб келган.

У Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган «Афросиёб» сув ҳавзаси олдида вилоят ИИБ ППХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, шахсий тинтув қилинганда, ёнида 801 дона «Трамадол Ланнахер 50 мг» ёзувли, умумий вазни 40,05 грамм таблеткалар борлиги аниқланган.

Н.Бегматов ушбу дори воситаларини Тошкент шаҳридаги ноқонуний дори воситалари сотувчи танишларидан, шахсий эҳтиёжлари учун олиб келаётганлигини билдирган. Тўғри, "трамадол" Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилганлиги билан бирга опийли наркотик анальгетиклар гуруҳига кириб, оғриқ қолдирувчи дори воситаси ҳисобланади. Аммо ушбу дори воситасини бошланғич дозаси 1 таблетка ёки 50 миллиграмни, кучли оғриқларда бир марталик доза 2 таблетка 100 миллиграмни ва максимал суткалик доза эса 8 таблетка 400 миллиграмни ташкил қилади.

Шу боис, суд мажлисида умумий оғирлиги 40,05 грамм трамадол психотроп воситаси истеъмолдан юқори деб баҳоланди. Айбланувчига етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2019 йилнинг биринчи ярмида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жами 61 (2018 йил шу даврида 52) та жиноят иши кўрилиб, 125 (92) нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган.

Ушбу шахсларнинг 8 нафарини аёллар, 21 нафарини ёшлар ва 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар ташкил қилади.

Ўткир МАМАДАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг