Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сурхондарёдаги сайёр қабулдан сўнг қанча маҳкум озодликка чиқарилди?

Сурхондарёдаги сайёр қабулдан сўнг қанча маҳкум озодликка чиқарилди?

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган дам олиш кунларида Ўзбекистон Республикаси Олий суд раҳбарияти Сурхондарё вилоятида бўлиб, Шеробод ва Денов туманлари ҳамда Термиз шаҳридаги Халқ қабулхоналарида фуқароларни қабул қилди.

Олий суд матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, сайёр қабулларда уч юзга яқин фуқароларнинг дард-у шикояти тингланди. Бир неча ўнлаб масалалар жойида ҳал этилди, яна шунча масала бўйича тушунтиришлар берилди. Эътиборлиси, 13 нафар маҳбус жазони ўташ жойидан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. Ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва синов муддатини ўтаётган 42 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан олдин озод этилди.

Сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди иш юритувидаги эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган судланувчи Абдуллаев Жасурбек Ғафур ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «а» банди билан 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, суд залида қамоқдан озод этилди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди иш юритувидаги эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган судланувчи Раджабов Бахтияр Холмурадовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, қамоқдан озод этилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича 11 нафар шахс жавобгарликдан озод қилиниб, маъмурий иш тугатилди.

Яна бир эътиборли ҳолатки, Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров Шеробод ва Денов тумани Халқ қабулхоналарига, Термиз шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйига ҳуқуқий адабиётлар тўпламини совға қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг