Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Терговчи адвокатга «бу даргоҳ Бош прокуратура эканини» кўча тилида «эслатиб» қўйди...

Терговчи адвокатга «бу даргоҳ Бош прокуратура эканини» кўча тилида «эслатиб» қўйди...

Фото: «advokatnews.uz»

Юнусобод туманидаги «PRAVOVED» адвокатлик бюроси адвокати Абдуғани Қурбанов ёзғиришича: «Бош прокуратура томонидан адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижаларига нисбатан билдирилган ишончсизлик мени ҳайратда қолдирди. Жумладан, Бош прокуратуранинг баёнотида «2018 йилда республика миқиёсида прокуратура органларига адвокатлардан ўзига нисбатан ҳақоратли ва камситувчи муносабатда бўлинганлиги ҳолати юзасидан 2 та мурожаат келиб тушган ва қонуний тартибда кўриб чиқилган» дейилган. Қанчадан-қанча адвокатларимиз ўз ҳуқуқларининг бузилиши бўйича ёзган аризаларига, мурожаатларига жавоб ололмай турган бир пайтда бу гапни қандай тушуниш мумкин?! Ахир шахсан менинг ўзим етти ойдан буён аризамга жавоб ололмайманку... Қолаверса, менинг шикоятим республикамизнинг қайсидир чекка бир туманидаги прокуратура идораси ходими устидан эмас, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси терговчисининг хатти-ҳаракатлари устидан ёзилган эди...». Бу ҳақда «advokatnews.uz» ёзмоқда.

Адвокатнинг айтишича, унинг ҳимоясидаги фуқарога нисбатан 2018 йил 19 июнида тергов ҳаракатларини олиб бораётган терговчи ўз ваколатлари доирасидан чиқиб, тергов бераётган фуқарога нисбатан, гарчи у саволларга жавоб бераётган бўлса-да, руҳий босим остида тазйиқ ўтказа бошлаган. Шунда адвокат унинг бу хатти-ҳаракатларига нисбатан эътироз билдириб, тазйиқ ўтказмасликни, терговга доир процессуал талабларни бузмасликни сўраган. Аммо терговчи адвокатнинг қонуний талабини бажариш ўрнига унинг ўзини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, унга бу ер Бош прокуратура эканини «эслатиб» қўйган ва уларнинг олдида жим ўтириши кераклигини кўча тилида «тушунтирган». Шунингдек, яна шу ҳолат такрорланса, уни бу ишдан четлатишлари мумкинлиги билан тазйиқ ўтказишган.

«Шундан сўнг мен 2018 йилнинг 22 июнида Бош прокурор номига ариза ёзиб топширдим, — дейди адвокат. — Аризамда Бош прокуратура терговчисига нисбатан қонуний чора кўришларини, уни менинг ҳимоям остидаги фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб боришдан четлатишларини ҳамда терговчига нисбатан кўрилган чора ҳақида менга маълум қилишларини сўрадим. Аммо, мана, орадан 7 ойга яқин вақт ўтаётган бўлса-да, ҳанузгача бу аризам бўйича на мени чақиришди, на жавоб хати беришди...»

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар Палатаси томонидан адвокатлар ўртасида уларнинг касбий фаолиятлари давомида ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан ўтказилган аноним сўровнома натижалари Палата сайти ва «Advokatnews.uz» интернет нашрида эълон қилингач, у бошқа ОАВда ҳам кенг ёритилган ва шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мазкур аноним сўровнома натижаларига нисбатан ишончсизлик билдириб, баёнот билан чиққан эди. Кейинчалик эса Бош прокурор ва Адвокатлар палатаси раиси учрашуви бўлиб ўтди. Унда Бош прокурор адвокатларнинг касбий ҳуқуқлари бузилишига доир масалаларни шахсан ўз назоратига олишини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг