Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ваколатнинг чегараси борми? Илгаригидан ҳам бешбаттар ҳолатлар ҳақида

Ваколатнинг чегараси борми? Илгаригидан ҳам бешбаттар ҳолатлар ҳақида

Фото: «Xabar.uz»

«Advokat» журналида чоп этилган «Олий суддаги оғриқли нуқта ёки мурожаатлар билан ишлаш тизими ислоҳотга муҳтожми?» сарлавҳали мақолада бугунги кунда ростдан ҳам жуда чегарадан чиқиб кетган катта бир муаммо рад қилиб бўлмас фактлар асосида очиб ташлаган.

Ҳа, кейинги пайтда Олий суднинг мурожаатлар  билан ишлаш тизими ислоҳотга муҳтож бўлиб қолди. Бунга шахсан менинг ўзим ва «Ishonch-R.F.» адвокатлик фирмамиздаги бошқа адвокатлар ҳам шахсан гувоҳмиз. Адвокатларнинг мурожаатларига бепарволик билан, шаблон кўринишида жавоб қайтарилавериши оқибатида битта иш учун баъзан 5-6 мароталаб мурожаат қилишга тўғри келмоқда. Бу ҳақда юқори идораларга, шахсан Олий суд раиси ва Судьялар Олий кенгашига, Бош прокуратурага, бир қанча ОАВга мурожаат қилганмиз, аммо натижа бўлмаган... «Advokat» журналида бу мавзу кўтарилгани бизга оз бўлса-да таскин берди.

Қизиғи шундаки, биз суд-ҳуқуқ тизимида улкан ислоҳотлар сари қадам қўйдик, деб хурсанд бўлиб юрибмиз-у, аммо баъзан илгаригидан ҳам бешбаттар ҳолатларга дуч келмоқдамиз. Хусусан, назорат тартибидаги ишлар энди фақат Олий судда кўрилаётгани сабабли ЖПК талабларига риоя этилмай қўйди. Яъни, ҳамма ваколатлар Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармасига топшириб қўйилгандек, гўё... Бунинг устига, қонунчилигимизда Олий суд томонидан мурожаатларнинг қабул қилиниши ва уларга жавоб берилиши тартиби, мурожаатлар билан ишлашга масъулларнинг бурч ва ваколатлари белгилаб берилмаган.

Муқаддам биринчи инстанция суди ҳукми ва кассация инстанцияси ажримини вилоят суди раиси рад этадиган бўлса, бу иш Олий судга чақирилар эди. Агар протест киритилиши лозим деб топилса, томонларга хат юборилар, иш рад этилган тақдирда эса асослантирилган хулоса жўнатиларди. Бу хулосани, аввало, ишни Олий судда кўрган судья имзолар, шунингдек, Олий суд раиси ўринбосарлари ҳам уни имзо билан тасдиқлашар эди. Шу боис бу хулоса устидан томонлар Олий суд Пленумига мурожаат қилиш мумкин бўларди.

Ҳозир эса Олий судга келиб тушган назорат тартибидаги аризаларнинг ҳаммасиям Олий суд раисига ҳам, унинг ўринбосарларига ҳам кўрсатилмаётгандек. Минг машаққат билан йиғилган ҳужжатлар, асослантирилган эътирозлар ўрганиб кўрилмасдан, мурожаатлар билан ишлаш бошқармасининг ўзида узоқ вақт ҳаракатсиз ушлаб турилиб, шу жойнинг ўзидан яна тутуруқсиз жавоблар билан ортга қайтарилмоқда.

Ваҳоланки, процессуал қонунчилигимизга кўра, ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаётган ҳар қандай шахс Олий суд Пленимуга қадар шикоят қилиш ва унга тегишлича асослантирилган жавоб олиш ҳуқуқига эга. Аммо бугун Олий суднинг мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси фуқароларнинг ана шу ҳуқуқларини паймол қилиб, сунъий охирги инстанция вазифасини бажариб ўтирибди...

Ўз-ўзидан савол туғилади: бу ишлар мана шу бошқармадагиларнинг ўз ваколатларини суъиистеъмол қилишлари натижасими ёки уларга кимлардир томонидан ёзилмаган топшириқлар берилмоқдаю, бошқарма шунчаки оддий қурол вазифасини ўтамоқдами? Ўйлаймизки, бу саволга мутасадди идоралар албатта жавоб излаб кўришлари ва бир хулосага келишлари керак. Бунинг фурсати аллақачон етиб келган...

Қолаверса, бу ҳолат билибми-билмайми нохолис қарорлар, ҳукмлар чиқараётган айрим судьяларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари хаспўшланиб, хато-нуқсонлари эътибордан четда қолиб кетишига ҳам олиб келмоқда. Мен бу гапларни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтмоқдаман. Зеро, ўзим ЖИБ Сирдарё вилоят судида коллегия раиси, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш комиссияси раиси, Президиум аъзоси бўлиб ишлаган даврларимда бирор бир судьянинг ҳукми, қарори бекор қилинса ёки ҳукми ўзгарса ёхуд иш терговга қайтарилса ё бошқатдан судда кўрилса (айниқса, енгил жазо қўллаган бўлса) албатта унинг устидан интизомий иш қўзғатилиб, уч ойлик иш фаолияти таҳлил ва муҳокама қилинар эди. Малака комиссияси мажлисининг жазо белгилаш ҳақидаги қарори судьянинг шахсий иш ҳужжатларига тикиб қўйиларди. Шу боис бу судья энди «қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган» бўлиб қолар, ҳар бир ишга имкон қадар пухта ёндашишга, холис, асослантирилган қарорлар чиқаришга ҳаракат қиларди. Худди шунингдек, назорат шикоятини асослантирилган хулосасиз қайтарган судьянинг иши ҳам муҳокама қилиниб, бу хусусдаги қарор ҳам Олий судга юбориларди. Ҳозир эса, кўриб-билиб юрибмиз, қанча-қанча ишлари бекор бўлган судьялар ҳам гердайиб, ўз билганича ишлашда давом этмоқда. Чунки, уларни тартибга чақирадиган механизм ишламаяпти. Ҳисоботлар эса номигагина бўлиб, уларни хоҳлаганча «таҳрир» қилинмоқда, судьянинг аввалги хато-камчиликлари қасддан ўчириб ташланмоқда... (Ҳа, ОАВда ёзилишича, ҳатто «марҳумни сўроқ қилиш»гача бориб етган судьялар ҳам бир тумандан бошқа туманга суд раиси қилиб юборилмоқда — Таҳририят).

Шу боис, бу соҳани ислоҳ қилишга қаратилаётган кейинги саъй-ҳаракатлар, жорий этилаётган янгича тартиб-тамойиллар ҳам шунчаки кўзбўямачиликка хизмат қилиб қолиши керак эмас...

Шу ўринда бир таклифимни ҳам ўртага ташламоқчиман. Яъни, маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси тўғрисида»ги Низомга кўра, Олий малака комиссияси ва жойлардаги малака комиссиялари таркиби адвокатлар ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали мутахассислардан шакллантирилиши белгиланган бўлиб, жумладан, комиссияга судьялар ҳам жалб этилмоқда. Бу, албатта, холисликни таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Аммо, айни пайтда, «Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида»ги низомда Олий малака ҳайъати ва малака ҳайъатлари таркиби фақат судьялардан иборат бўлиши белгиланган. Назаримизда, шунинг ўзи адолат талабларига мос эмас. Яъни, адвокатлар тақдирини ҳал этишда бошқа мутахассисларга эҳтиёж бор-у, судьялар тақдирини фақат судьяларнинг ўзлари ҳал этишлари керакми? Қолаверса, дунё тажрибасида ҳам судьялар ишини баҳоловчи органлар таркиби турли соҳа вакилларидан шакллантирилади. Жумладан, бевосита алоқадор соҳа вакили сифатида адвокатлар ҳам киритилади. Демак, бизда ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрилса ёмон бўлмайди!

Ўлмас Расулов, адвокат

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг