Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазирлик Олий суд раддиясига қўшилмади, узр насияга қолди

Вазирлик Олий суд раддиясига қўшилмади, узр насияга қолди

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда сайтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ички ишлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи айтган гапларига муносабати эълон қилинганди.

Унда ИИВ бош бошқарма бошлиғининг оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатда пойтахт пропискасига ўтиш масаласининг айрим қирралари ҳақида мулоҳазаларига эътироз билдирилар экан, пировардида, Олий суд вазирлик мутасаддиси айтган гаплари учун узр сўраши лозимлиги таъкидлаганди.

Олий суд раддиясига нисбатан вазирлик тезда ўз муносабатини билдирди. Муносабатки, хатони тан олиб, узр сўраш ҳақида гап-сўз йўқ. Аксинча,  расмий муносабатни «раддияга раддия» дейиш мумкин.

Албатта, оғриқли муаммо бўлиб турган прописка масаласи, бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар наинки халқаро меъёрларга, балки Бош қомусимиз талабларига мос экани катта сўроқ остида қолаётгани, қисқаси, фуқароларнинг жиддий эътироз ва норозиликларига «даҳанаки жанг» орқали ечим топиб бўлмайди. Биз эса ҳақиқат баҳсларда туғилади, деган ҳикматга ва холислик меъёрларига монанд сайтимизда ИИВ расмий муносабатига ҳам жой беришни лозим деб билдик.

***

Шу йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Жиноятчилик профилактикаси ва унга қарши курашиш, шунингдек, прописка масалалари» юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бир қатор мутасадди раҳбарлари қаторида қатнашган ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Б.Шариксиевга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилинишидаги муаммолар бўйича тадбирда иштирок этган журналистлар томонидан бир қатор саволлар берилган эди.

Мулоқот жараёнида, тадбир иштирокчиларига республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 бараваридан кам бўлмаган нархдаги янги қурилган кўчмас мол-мулкни сотиб олишлари мумкинлиги тўғрисидаги чеклов олиб ташланганлиги, бугунги кунда Қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлардан фойдаланган ҳолда, республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган бир қанча фуқаролар (4 ва ундан ортиқ) томонидан биргаликда Тошкент шаҳрида бир хонадан иборат янги қурилган уйларни сотиб олиб, оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳрига доимий пропискага ўтиш ҳолатлари кузатилаётганлиги, ушбу ҳолатлар таҳлиллар асосида ўрганиб чиқилиб, тартибга солиш учун тегишли вазирлик ва идораларга маълумот тақдим этилганлиги, ушбу тоифа шахсларни доимий прописка қилиш масаласи вақтинча тўхтатиб турилганлиги сабабли, улар суд идораларига мурожаат қилаётганликлари билдириб ўтилган эди.

Ушбу айтиб ўтилган ҳолатда, фақат юқоридаги тоифа шахслар ўз вақтида прописка қила олмаганликлари сабабли, ходимларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, доимий прописка қилиш мажбуриятини юклашни сўраб суд идораларига мурожаат қилаётганлиги назарда тутилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу фуқароларни Тошкент шаҳридан уй сотиб олишга эҳтиёжлари йўқ, улар Рўйхатнинг 1-бандига мувофиқ, доимий пропискадан ўтганларидан сўнг, давлат нотариал идоралари орқали ўз улушларидан воз кечиб, бошқа ҳудудга доимий пропискадан чиқиб кетишган. Сабаби, Рўйхатнинг 1-бандига кўра прописка қилинган фуқаролар учун қариндошларини доимий прописка қилиш ва иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун Қонун билан белгиланган таъқиқлар мавжуд эмас.

Олий суд матбуот хизмати томонидан тақдим этилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида прописка қилиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Тошкент шаҳрида суд қарорига асосан прописка қилиш ва пропискадан чиқариш ҳақида бирорта қоида мавжуд эмаслиги қайд қилинган.

Аммо, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги 41-сонли Қарорида, суднинг қарорига кўра турар жой олган фуқаролар Қонун билан тасдиқланган Рўйхатнинг 1-бандига киришлиги қайд қилинган. Бу эса уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига Рўйхатнинг 1-банди билан доимий прописка қилиш учун асос ҳисобланади.

Бундан ташқари ушбу қарорда, пропискадан ўтиш ёки рўйхатдан чиқарилганлик, суд қарорига кўра, шунингдек, қонунда кўзда тутилган бошқа ҳолларда ҳам бекор қилиниши мумкинлиги қайд қилинган.

2019 йил 16 май куни Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани маъмурий суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилиниб, унда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими зиммасига уч нафар шахсни Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, 58-ҳарбий шаҳарча 35-уй, 24-хонадонга «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни»нинг 1-банди билан доимий прописка қилиш мажбурияти юклатилган.

Кўриниб турибдики, Олий суд матбуот хизматининг 2019 йил 16 май куни Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани маъмурий суди судьяси З.Х.Ирсалиев томонидан чиқарилган ҳал қилув қароридан хабари йўқ.

Бугунги кунда шунга ўхшаш прописка билан боғлиқ ҳолатлар Тошкент шаҳрининг бир қанча туманларида судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг