Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хотинини бўғиб ўлдирган шахс 10 йилга «кесилди»

Хотинини бўғиб ўлдирган шахс 10 йилга «кесилди»

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судида турмуш ўртоғини қасддан ўлдирган судланувчи И.Олимовга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

И.Олимов ва (марҳума) К.Амированинг турмуши ўн уч йилда фожиали якун топди. Бу орада туғилган уч нафар фарзанд ҳам тумуш ришталари мустаҳкамланишига сабаб бўла олмади. Муттасил жанжал, ур-тўпалон... Оилавий жанжаллар маҳалла фуқаролар йиғини, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ва профилактика инспектори томонидан бир неча бор муҳокама қилиниб, огоҳлантирилди, бироқ кор қилмади. Жанжаллар маъмурий судгача чиқди, тегишли жазо чоралари қўлланилганига қарамасдан, ҳаммаси эски ҳаммом – эски тослигича қолаверди.

Икки томоннинг ажрашишдан бошқа чораси қолмагандек эди гўё. Ўтган йилнинг 14 ноябрь куни Зарафшон шаҳри, 2-кичик туманида собиққа айланиш арафасида турган эр-хотинлар мол-мулкни бўлиш, алимент ва никоҳни бекор қилиш масаласида гаплаша туриб, суҳбати яна жанжалга айланиб кетди. И.Олимов жиндек «отиб олгани» жанжал фожиали якун топишига яхшигина таъсир кўрсатди. Унинг аёл бўйнига чирмашган қўллари хотини нафас олмай қўйгунча тураверди, тураверди...

...Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, К.Амированинг ўлимига бўйин аъзоларининг қўл бармоқлари билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Пировардида, судланувчи И.Олимовни қасддан одам ўлдириш жинояти билан айбдор деб топиб, ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

 Дилноза Хонбўтаева
жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг