Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна «Қодиров иши» ҳақида. «Олий суднинг изоҳи»га изоҳ шартдай...

Яна «Қодиров иши» ҳақида. «Олий суднинг изоҳи»га изоҳ шартдай...

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий суди куни кеча собиқ Бош прокурор Рашид Қодировга нисбатан тайинланган жазога изоҳ берди. (Маълумингизким, Р. Қодиров 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан ташқари  энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазосига ҳам мустаҳиқ этилган).   

Изоҳ мазмунича, айрим оммавий ахборот воситалари ва турли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг  жазо гўёки енгилроқ  бўлгани хусусидаги гап-сўзлар асоссиз. Ҳаммаси қонун доирасида бўлган. Шунингдек, алоҳида таъкидланадики, Р. Қодировга нисбатан тайинланган жазо билан  халқ орасида «Аҳмадбой номи билан танилган А. Турсунбоевга берилган муддатни («Аҳмадбой» 14 йилга  «кесилиши»дан ташқари  яна энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима жазосига ҳам тортилган) таққослаб,  турлича хулоса чиқариш ҳам ноўрин. «Аҳмадбой»нинг «ишида  12 мингга яқин жабрланувчи қатнашган ҳамда у қилмишига яраша жазо олган. Рашид Қодировга боғлиқ ҳолат умуман бошқача.  Суд ҳукми чиққан пайтда Р. Қодиров олтмишдан ўтиб бўлган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 50-моддаси 6-қисмига кўра: «Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас».   Демакки,  Р. Қодировга 10 йилдан ортиқ муддат берилишини қонун кўтармайди.

 Олий суд изоҳининг мазмуни шу.  Тушунарли.

Шунга қарамай «Қодиров иши» бўйича чиқарилган ҳукмнинг изоҳталаб бошқа  нуқталари ҳам бордай. Бу ҳақда ўтган кунги мақолада қисман сўз борганди.   Кечаги изоҳдан  сўнг  яна  қатор саволлар туғилдики,  «Қодиров иши» бўйича, майли, номи айтилмасин,  неча нафар ва қайси тоифадаги шахслар жабурланувчи бўлиб ўтган?    Шунингдек,  жиноий гуруҳнинг айрим аъзолари суд залидан озод этилгани ҳам  айтилмоқда. Шу мазмундаги гаплар  қанчалар асосли? Агар рост бўлса, «оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган»ликда айбланган  гуруҳнинг қайси аъзоларига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди? Ва қандай асосларга кўра?

 Гуруҳ аъзолари  олган поралар, етказган зарарлар миқдори-чи?

Зарарларнинг қанчаси қопланган-қопланмагани ҳақидаям жамоатчиликка маълумот берилиши ортиқчалик қилмасди.

Яна бир гап. Собиқ Бош прокурор ва бошқаларга нисбатан ҳукм чиққанига икки кун бўлди. Демак, ҳукм ҳали қонуний кучга киргани йўқ. Унга (ҳукмга) нисбатан судланувчилар шикоят бериши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.  Шунга қарамай Олий суд мазкур изоҳи билан  ҳали кучга кирмаган ҳукмни аввалданоқ тасдиқлаб қўймаяптими? Бу ҳол қонун қаричига тўғри келадими? Бу билан Олий суд жиноят қонунчилигининг энг оддий қоидасини қўпол равишда бузмаяптими?

Демак, юқоридаги  изоҳталаб саволлардан ташқари кечаги изоҳга ҳам изоҳ берилиши керакдай...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг