Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2019 йилдан «қўлга» тегадиган иш ҳақи миқдори ошади

2019 йилдан «қўлга» тегадиган иш ҳақи миқдори ошади

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасида 2018 йилнинг кутилаётган якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, Давлат бюджети лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Йиғилишда келгуси йиллар учун ишлаб чиқилган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар параметрлари бўйича ёндашув ва таклифлар муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сон Фармони билан тасдиқланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепциясининг асосий йўналишлари доирасида 2019 йилдан эътиборан:

1) иш ҳақи фондига солиқ юки қуйидагича камайтирилмоқда:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасининг 12 фоиз миқдорида ўрнатилиши ва фуқароларнинг мажбурий суғурта бадалларининг (иш ҳақидан 8 фоиз) бекор қилиниши натижасида «қўлга» тегадиган иш ҳақи миқдори ўртача 6,5 фоизга ошади;
  • иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоизгача пасайтирилмоқда;

2) давлат мақсадли жамғармаларига айланмадан (оборотдан) 3,2 фоиз миқдорида ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинмоқда;

3) юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкалари 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан солиқ – 10 фоиздан 5 фоизгача, юридик шахслар мол-мулк солиғи – 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтирилмоқда.

Мазкур чоралар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахслар ихтиёрида қарийб 10 триллион сўм маблағ қолади.

Ушбу чоралар билан бир қаторда йиғилиш қатнашчилари томонидан ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлашга йўналтирилган солиқ сиёсатини такомиллаштириш соҳасидаги қўшимча таклифлар атрофлича кўриб чиқилди, жумладан:

  • мутлақ миқдорларда белгиланган солиқ ставкаларини индексация қилиш (ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, акциз солиғи);
  • сигарета учун акциз солиғи бўйича қатъий белгиланган ставка билан бир қаторда адвалор ставкасини жорий этиш;
  • якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва меҳнат фаолиятининг ҳисоби юритилиши мураккаб бўлган шахслар учун фуқароларнинг суғурта бадаллари ўрнига ягона ижтимоий тўловларни жорий этиш (суғурта бадалларининг бекор қилиниши сабабли);
  • айрим турдаги фойдали қазилмалар (қум, оҳак, шағал ва бошқалар) учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича мутлақ миқдорларда қатъий белгиланган энг кам ставкаларни киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларида қабул қилинган давлат дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз ҳудудларига қилган ташрифлари якунлари бўйича берган топшириқлари, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар назарда тутилган.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг