Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

300 миллион сўмликдан зиёд ноқонуний товарлар савдосига чек қўйилди

300 миллион сўмликдан зиёд ноқонуний товарлар савдосига чек қўйилди

Фото: «Xabar.uz»

Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларига тегишли ўзгартиришлар киритилди (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 850-сон қарори). Бунга мувофиқ, айрим йўналишларда фаолият фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Қарорга кўра, қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини сотиш фаолиятини юритишга фақатгина юридик шахс ташкил этганда рухсат этилали.

Қарор ижроси юзасидан Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан мунтазам равишда тадбиркорлик субъектлари иштирокида профилактик суҳбатлар, учрашувлар олиб борилмоқда, уларда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликлардан бохабар қилиш билан биргаликда тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритишлари учун зарур ҳуқуқий кўмак кўрсатилмоқда. Шунга қарамай қонунлардан «сакраб ўтишга» уринаётганлар ҳам учраб туради.

Яқинда Сирдарё вилоят Давлат солиқ бошқармасининг «Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси» бўлими томонидан Гулистон шаҳридаги «Сайхун Барака савдо» МЧЖга қарашли бозор ҳудудида ўтказилган ўрганиш рейд тадбири давомида фуқаро Анвар Ҳожиев (исмлар ўзгартирилган) томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз, давлат рўйхатидан ўтмасдан аҳолига қурилиш маҳсулоти (ёғоч) савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида 8 турдаги умумий қиймати 148 млн. 800 минг сўмлик товар моддий бойликлари белгиланган тартибда вақтинчалик олиб қўйилди.

Мазкур ҳудудда фуқаролар Қодир Орипов, Жаббор Умаровлар ҳам ноқонуний равишда ёғоч савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди.

Бугун мамлакатимизда тадбиркорлар учун озмунча имконият, шароит ва имтиёзлар яратилмоқдами? Шу йилнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси 2018 йилга нисбатан ўртача 30 фоизга пасайтирилган. Шу билан бирга юридик шахс ҳисоблаган корхона ва фирмалар учун солиқ ставкаларида ҳам енгилликлар берилиб, мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Қонунларга риоя этган ҳолда фаолият юритишга қандай тўсиқ ёки монелик бор? Ҳеч қандай! Демак, тўғри ва ҳалол ишлаш керак. Барака шунда. Акс ҳолда... бу ёғи тушунарли бўлса керак.

Илғор Халилов,
Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси
катта инспектори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг