Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Америкадаги яна бир ўзбек: «Мен юртимиздаги ходимларимизга 10 миллион сўмдан маош беришни бошладим»

Америкадаги яна бир ўзбек: «Мен юртимиздаги ходимларимизга 10 миллион сўмдан маош беришни бошладим»

Бу давлатнинг ҳудуди ҳам улкан ва ҳар бир бурчаги гавжум.

Фото: «CNBC.com»

АҚШдаги юртдошимиз Умид Маҳкамбек билан «Тошкентда филиал оча олсам, юртдошларимга 10 миллион сўмдан ойлик тўлайман!» сарлавҳали суҳбатни эълон қилганимизда жуда кўпчилик мақолага қизиқиш билдирди. Юртдошларимиз ўзимиздан етишиб чиққан оддий йигитнинг ютуқларига ҳавас билан қарагани бор гап. Шундай экан, шу мазмундаги суҳбатларни яна давом эттирамиз.

Маълум сабабларга кўра ҳозирча навбатдаги суҳбатдошимизнинг исм-фамилиясини ошкор қилмай турамиз. У ҳам АҚШда яшайди. 37 ёшда. Олий маълумотни юртимизда олган. АҚШда ҳам қатор илм даргоҳларида таҳсил кўрган. Ўзбекистонда матбаачилик, қурувчилик, паррандачилик, ОАВ каби соҳаларда ўзини синаб кўрган ва муваффақиятларга эришган. Айтиш мумкинки, у ташкил қилган корхоналар ҳозир ҳам ишлаб турибди.

— Сиз Ўзбекистонда ҳам муваффақиятли бизнесмен эдингиз. Нега АҚШга йўл олдингиз?

— Ҳеч бир юрт ўз тупроғингнинг тафтини бермайди. Менинг ҳам ватаним Ўзбекистон ва бундан албатта фахрланаман. Юртимда қатор лойиҳаларни амалга оширганман, табиийки, уларнинг омадлилари ҳам, омадсизлари ҳам бўлган. Ўзбекистонда омадли бизнес юритиш сирларини маҳаллий ОАВ жуда жимжимадор қилиб ёритади, мен бунга тўхталиб ўтирмай. Келинг, кўпроқ омадсизликлар сабабларини муҳокама қилайлик.

— Бемалол.

— Мен қайси соҳага бош урмайин, албатта конвертация муаммосига дуч келаверардим. Аввалига озми-кўпми ечим бор эди. Аммо бора-бора ҳеч иложи қолмади. Энг қизиғи, бизга йўқ нарса ким учундир топиларди. Матбаа ускуналарини излаб дунё кезиб чиққанман. Энг яхши ускуналарни олиб келиб, сифатли қоғозларни божхонадан ўтказиб, тайёр маҳсулотни бозорга чиқарсак, Хитойдан кириб келган маҳсулот нархи бизникининг таннархидан ҳам арзонлигига қойил қолардим. Умуман, биздаги нарх-наво алоҳида масала.

Экспорт бўйича ҳам талаблар ўзгача эди. Экспорт қилмоқчи бўлсангиз, олдин пули тўланиши талаб қилинарди. Четдан бирор ускуна ёки маҳсулот олиб келмоқчи бўлсангиз, аввал келтириш талаб қилинарди. Бир масалага икки хил қараш.

— Фақат шу муаммолар туфайли АҚШга кетдингизми?

— Йўқ албатта. Бизнес муаммоларни бартараф қилишдан иборат, нолишдан эмас. Фарзандларимнинг тил ўрганиши, ўзимнинг таҳсилим баҳонасида аввал ҳам кўп боргандим. Бу сафар, 2012 йилда ҳаммаси анча жиддийлашди ва узоқроқ муддатни кўзлаб келиб, транспорт компанияси очдим. Ҳозир асосан шу йўналишда ишлаяпман.

— Нега шу ишни ўзимизда қилмайсиз?

— Балки кунлар келиб, кўриб, бу саволингизга ўзингиз жавоб топарсиз. АҚШнинг бу борадаги салоҳияти жуда улкан, яъни айнан мен иш юритаётган соҳада жуда катта ишлар бажарилади. Биздаги юк ташиш ҳажми, автомобиллар, логистика бу даражага етгани йўқ. Қолаверса, бу давлатнинг ҳудуди ҳам улкан ва ҳар бир бурчаги гавжум. Демак, юк ташишга талаб бор. Шунинг учун ишимиз кўнгилдагидек кетмоқда. Ўзимизда ташкил қилинган филиалимизда ёш укаларимиз ишлашмоқда, улар орасида ўн миллион сўм маош олаётганлари ҳам пайдо бўла бошлади ва, ишонаманки, бундай ходимларимиз сафи кенгая боради.

— Кўпчиликни шу савол қизиқтириши табиий – сиз бунча миқдорда маош бераётган иш ўрнини қўлга киритиш учун қандай хислатларга эга бўлиш лозим?

— Умумий талаблар бор албатта: инглиз тилини яхши билиш, компьютер, интернет, биз ишлатувчи дастурлардан фойдалана олиш, кечаси ишлашга тайёр бўлиш каби. Чунки бизнинг Ўзбекистондаги ходимларимиз АҚШ вақти бўйича ишлашади, бу ернинг иш вақтида юртимизда ярим тун бўлади. Лекин буларнинг ўзи ҳам камлик қилади, ходимнинг мижозларга муносабати, янги мижозларни жалб қилиши, алоқа воситалари орқали мулоқот услуби каби кўплаб ўзига хос жиҳатлар инобатга олинади. Қувонарли жиҳати шундаки, сўнгги пайтларда бизнинг талабимизга жавоб бера оладиган ёшларимиз тобора кўпайиб бормоқда.

— Ҳозир қанча ходимингиз бор?

— Келинг, ҳозирча бу ҳам сир бўлақолсин.

— Нега энди?

— Минг афсуски, мен фаолиятимни ярим яширин услубда олиб боришга мажбурман. Сабаби яна ўша йиллар давомида кутилиб, ечимини энди топаётган муаммоларга бориб тақалади. Юқорида мен АҚШ вақтига мослаб кечаси ишлашга мажбурмиз дедим. Тўғрироғи, Ўзбекистондаги ходимларимиз тунда ишлайди, биз буёқдан интернет орқали кузатиб борамиз. Аммо негадир бизда кечаси ишлашга худди қонунбузарликдек, жиноятдек қаралади. Ички ишлар ходими борки, бир текшириб кўриши керак. Улар реал вақт режимида ишни тўхтатиб қўяётганларини тушунмайдилар. Кейин прописка деган сўзни эшитсам юрагим зириллайдиган бўлиб қолганди. Хайрият, янги Президентнинг замонавий қарашлари бу нарсага барҳам берди. Бу жуда катта ютуқ, улкан силжиш. Чунки менинг ходимларимнинг кўпчилиги вилоятлик йигитлар. Улар бу муаммога шу даражада кўп дуч келишардики...

Бир куни ички ишлар ходими бир ходимимизни жаримага тортмоқчи бўлди ва беш кун ичида пойтахтда рўйхатдан ўтиш шартлигини айтди. Мен унга савол бердим: «Бу йигит ҳар душанба куни эрталаб Тошкентга етиб келади, жума куни кечқурун қайтади. Яъни беш кундан ортиқ бўлмайди. Жаримага тортиш тўғрими?». Аниқ саволга аниқ жавоби бўлмаган ички ишлар ходими яна эски услубни қўллади – қўполликка ўтди.

— Яқиндагина, янги давлат дастурига кўра, бу талаблар бекор қилинди.

— Хабарим бор, олқишлайман. Конвертация йўлга қўйилганида ҳам худди шундай хурсанд бўлганман. Ахир ватаним ривожланишини чин дилдан истайман.

— Муаммолар ҳал бўлмоқда, қайтишнинг айни вақти эмасми?

— Ҳа... Албатта қайтамиз. Лекин Америкага яна қайтамиз (кулади). Яна суҳбатимиз ечимини кутаётган муаммоларга тақалади-да. Яқинда Ўзбекистондаги укам билан йирик паррандачилик фабрикаси лойиҳасини ишлаб чиқдик. Укам бунинг учун жой излаб Тошкент вилоятининг қатор туманларида бўлиб қайтди. Айтишича, маҳаллий раҳбарларда ҳали деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Ўша-ўша ҳужжатбозлик, таъмагирлик, асоссиз рад этишлар... Мен қиймати 5 миллион доллар бўлган инвестиция ҳақида гапираяпман. Солиштириш учун АҚШнинг бирор штатида мен йирик корхонага асос солмоқчи, кўп иш ўринлари яратмоқчи бўлсам, маҳаллий ҳукумат менга, ўхшатиш бўлсада, ёпишиб олади. Шунга қарамай Ўзбекистондаги ишларимиз давом этаяпти. Исм-фамилиямни сир тутганимнинг сабаби ҳам шунда. Аммо амалга оширилаётган ислоҳотлар албатта самара беришига ишонаман.

Президент Шавкат Мирзиёев чет элда бизнес қилиб юрган ватандошларимизни юртга қайтишга ва ўзимизда турли корхоналар, завод ва фабрикалар қуришга чақирди. У кишининг «Энди олдинги муаммоларни унутинглар, четдан бир вагон доллар олиб келган одамни текширганни ўша куни ишдан оламан» деган гапларини диққат билан кузатиб бораяпмиз.

Лекин Президентнинг ўзи таъкидлаганидек, четда юриб бизнес қилаётганлар Ўзбекистонга пул тикишга унча ошиқаётгани йўқ ва бунга уларнинг етарли асослари бор. Мен Ўзбекистон ва АҚШда бизнес қилиб, иккала давлатни қиёслай олганим учун ҳукуматга чет элдаги ўзбеклар юртимизга сармоя киритиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида таклифлар бермоқчиман.

— Марҳамат.

Ечимини кутаётган муаммолар

Банк – чет элда юрган ҳамюртларимиз ўз пулига эгалик қилишга ўрганиб қолишган. Масалан, компания ҳисобида 100 минг доллар бўлса ва компания меники бўлса, истаган пайтим банкка бориб ўша 100 мингни нақд қилиб олишим мумкин. Банк мендан буни нима қиласан деб сўрамайди. Ўзимизда-чи? Бу борада муайян ютуқларга эришилди, яна давом эттириш керак.

Икки фуқаролик – Ўзбекистон мустақил бўлганига чорак асрдан ошди, демак, энг камида чорак асрдирки, ватандошларимиз чет элларга чиқиб келмоқда ва айримлари қолиб кетмоқда. Аниқ сонини билмасам-да, минглаб ҳамюртларимиз чет эл фуқаролигини олганини тахмин қилса бўлади. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида икки ёки ундан кўп мамлакатнинг фуқаролигини олиш тажрибаси кенг қўлланади. Ўзбекистон ҳукумати чет элдаги фуқароларимизга юртимизга келиб инвестиция киритишни таклиф қилар экан, икки фуқаролик масаласини ҳам кун тартибига киритиши керак деб ўйлайман. Жуда кўп ватандошларимизнинг фарзандлари чет элларда туғилган. Баъзилари аллақачон ўсиб-улғайиб, бошқа мамлакатларда бизнес қилиб юришибди. Тан олиш керакки, уларга икки мамлакатдан фақат биттасини танлайсан дейишса кўпчилиги бошқа мамлакатни танлайди. Хўш, бундан ким ютади?

Мулк дахлсизлиги – инвесторларнинг олдидаги энг катта тўсиқ аслида шу. Бизда оддий бир сабаб билан бизнесни ёпиб қўйиш, қандайдир айблар билан мулкни мусодара қилиб юбориш жуда осон. Судлар ҳам дарров мулкни хатлаш бўйича қарор чиқариб юборади. Киритган сармоясини ва олган фойдасини мамлакатдан хоҳлаган пайтда олиб чиқиб кетишига ишонмаган одам бизнес бошламайди.

Рағбат – ҳозир Ўзбекистонга энг кераклиси чет элдан келадиган нақд валюта, инглиз тилида айтганда hard cash. АҚШ дунёнинг энг бой давлати бўлишига қарамай, агар унинг маълум секторларига 500 минг (баъзи ҳудудларга 1 миллион) доллар сармоя киритилса, инвесторларга грин карта (АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат, кейинчалик шу ҳужжат асосида АҚШ фуқаролигини олиш мумкин) берилади. ЯИМ ҳажми 18,5 триллион доллар бўлган мамлакатга 500 минг доллар олиб кирган инвесторга бўлган муносабатни қаранг!

Яна бир мисол: яқинда «Амазон» компанияси 5 миллиард доллар қийматга эга бўлган иккинчи штаб-квартирасини қуриш учун тендер эълон килди. АҚШнинг деярли барча штатларининг энг катта шаҳарлари тендерда катнашиш учун ҳужжат топширди. Баъзи шаҳарлар 5 миллиард долларлик солиқ имтиёзлари таклиф қилса, бошқалар энг қулай майдонлар таклифи билан чиқишди. Тендер ҳали тугагани йўқ, лекин шундай йирик давлат миқёсида бор-йўғи 5 миллиард доллар сармоя олиб кирмоқчи бўлган инвесторга бўлган муносабатга эътибор беринг.

Таклифлар

Инвесторлар билан ишловчи вазирлик ишини ривожлантириш керак. Уларнинг орасидан айниқса ўзимизнинг четдаги ватандошларимизга алоҳида имтиёзлар берилиши лозим. Имтиёзларнинг қандай кўринишда бўлишини шароит ва имкониятдан келиб чиқиб белгиласа бўлади.

Off site (outsourcing), яъни масофадан туриб ишлашни энг муҳим йўналишлардан бири деб эълон қилиш керак. Масалан, миллионлаб кишилар четдан туриб интернет орқали АҚШ компаниялари учун ишлаб беришади ва яхшигина маош олишади. Нега биз шу имкониятдан етарлича фойдаланмаймиз? Ҳиндистон, Филиппин, Бангладешга бориб, уларнинг тажрибаларини ўрганса бўлади. Бизнинг ёшларимиз орасида инглиз тилини ўрганишга қизиқувчилар кўп, уларни иш билан таъминлайдиган агентлик ташкил этилса, йилига 15-20 минг иш ўрни яратиш имкони туғилади. Ёшларимиз чет элга иш излаб кетмай, ўзимизда туриб чет эл корхоналарида ишлаши мумкин.

Ислоҳотлар бошлангани бизни албатта қувонтиради ва биз уларнинг давомли бўлишидан умидвормиз. Қачон Президент битта соҳага эътибор қаратсагина ўша соҳа муаммолари ҳал қилинадиган бўлса, инвесторларнинг келишини ҳали анча кутишга тўғри келади. Дунёнинг энг бой одамларидан бири, энг машҳур инвестор бўлган Уоррен Баффет бир интервьюсида шундай деди: «Биз бахтли одамлармиз, чунки Америкадай давлатнинг фуқаролари бўлиб туғилганмиз. Нима, биз дунёдаги бошқа одамлардан ақллироқмизми ёки бошка давлат фуқароларидан кўпроқ меҳнат қиламизми? Йўқ! Америкада тизимлар дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда яхшироқ йўлга қўйилган: банк тизими, молия тизими, йўл инфраструктураси ва ҳоказо. Биз ўша тизимлар яхши ишлагани учун ҳам дунёнинг энг бой мамлакатимиз».

Ишонаманки, Ўзбекистон ҳам яқин йилларда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олади. Бунинг учун барча имкониятлар бор.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг