Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анд тоғларидан Шовотгача. Картошка куясининг Ўзбекистонга «саёҳати» ҳақида

Анд тоғларидан Шовотгача. Картошка куясининг Ўзбекистонга «саёҳати» ҳақида

Фото: agroportal-ziz.ru

Офтоб нурлари она заминни «шафқатсизларча» қиздирмоқда. Аммо, ҳамма ҳам қуёш тиғидан паноҳ излаб, бағрини музга бериб ётгани йўқ. Масалан, иссиқсевар «офат» — «Phthorimaea operculella» ёки ўзимизнинг тилда айтганда картошка куяси яхши ният билан ерга уруғ қадаётган деҳқонлар меҳнатини барбод этишга шайланаётир.

Хавотирлар бежиз эмас

Ҳаво ҳарорати қанчалик баланд бўлса, куя шунчалик тез ривожланади. Аслида, ҳашаротнинг бир авлод бериш даври ўртача 3-4 ҳафтани ўз ичига олиши керак, аммо ҳарорат 35 даражадан юқорини кўрсатганда зараркунанда 16 кундаёқ «оёққа туриши» ҳеч гап эмас.

Куя капалаги кичкина, оч кулранг тусда бўлади. Тинч ҳолатда қанотларини елкасига йиғиб туради. Олдинги қанотларининг катталиги 12–15 миллиметр атрофида. Картошка кушандаси кўпроқ тунги ҳаёт тарзини маъқул кўради. Шунинг учун тажрибасиз фермер ёки боғбон уларни бир қарашда пайқаши мушкул.

Урғочи капалак 3 кундан 14 кунгача яшаса-да, ўзига юклатилган вазифани «қойиллатади». Яъни, уларнинг ҳар бири жон беришдан аввал ўрта ҳисобда 50-200 тагача тухум қўяди. Улар одатда баргларнинг ички қисмида, банд яқинида жойлашган бўлади. Тухумдан жуда майда, аммо «баднафс» капалак қурти очиб чиқади ва шу заҳоти картошка барги ҳамда туганакларига «таҳдид» солади. Бундан ташқари, помидор, бақлажон ва бошқа итузумгулли ўсимликлар ҳам зараркунанда «рациони»дан ўрин олган «севимли» озуқалардан ҳисобланади.

Куя ҳужуми кўпроқ ўсимликнинг ташқи кўринишида намоён бўлади: зарарланган барглар қуриб, қўнғир тусга киради ва ёрилиб кетади. Зараркунанда кўпайган далалар гўё куйганга ўхшайди. Қурт киргач, картошка барги юзасида пушти доғ пайдо бўлади.

Анд тоғларидан — Шовотгача

Бугунги кунда картошка куяси дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатида учрайди. Бунинг учун мазкур давлатлар Марказий ва Жанубий Америка минтақасидан «миннатдор» бўлиши керак. Чунки, куянинг дунё бўйлаб саёҳати айнан Анд тоғлари ҳудудидан бошланган.

Уни дастлаб техаслик энтомолог олим Целлер 1873 йилда кашф этган. Ўз вақтида қарши кураш чоралари кўрилмагани учун Жанубий Африкада картошка ҳосилининг қарийб 80 фоизи, Австралияда эса 90 фоизи нобуд бўлган.

Картошка куясининг Ўзбекистонга илк «ташрифи» 2009 йилга тўғри келади. Шу йили Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош Шовот, Гурлан ва Қушкўпир туманларида зараркунандалар оиласидаги ушбу «ажнабий меҳмон»ни ўсимликлар карантини инспекторлари пайқаб қолишган. Ҳозирда бу хавфли ҳашарот Республикамизнинг Тошкент, Сирдарё ва Самарқанд вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам тарқалган.

Нима қилиш керак?

Агарда зарарланган ҳосилни шунчаки ташлаб юборсангиз, билингки катта хатога йўл қўйган бўласиз. Чунки, куя қурти яна тупроқ остига қайтади ва ўша ерда хотиржам қишки «ҳордиққа» кетади. Демак, кейинги йил ҳам қуртлар «босқини» муқаррар! Хўш, улардан қандай ҳимояланиш мумкин?

Энг аввало, картошка поясини қуриб қолишига 5–7 кун қолганда ўриб олиш ва йўқотиш, даладан ҳосилни имкон қадар тезроқ йиғиштириб олиш зарур. Шунингдек, белгиланган тартиб қоидалар асосида картошка туганаклари ва омборларни бром-метил билан зарарсизлантириш, итузумдошлар оиласига мансуб бегона ўтлардан тозалаш ва далаларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш талаб этилади. Бунинг учун туманларда ташкил этилган «Ўсимликлар клиникаси»га бемалол мурожаат қилиш мумкин.

Энг муҳими, экиш ишларини бошлашдан аввал ерни зараркунанда ва ҳашаротлардан тозалаш, уруғли картошка материалларини фитосанитар талабларга тўлиқ жавоб бериши юзасидан ҳудудий инпекция мутахассисларидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар олишни унутманг.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг