Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Данияда ишлаган мутахассис солиқ қўмитаси раисига ўринбосар бўлди

Данияда ишлаган мутахассис солиқ қўмитаси раисига ўринбосар бўлди

Ўзбекистон Президентининг қарорига биноан Дания қироллигида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаётган Абдулла Абдисаламович Азизов Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди. 

У 2004 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини тамомлаган. Ўқиш давомида 2003 йил Япониянинг Нагоя университетида иқтисодиёт йўналишида ўқиган.

2006 йили Даниянинг Орхус университетида молия ва халқаро бизнес йўналиши бўйича магистр даражасини олган.

Шунингдек, 2006 йилда Даниянинг Орхус техника коллежини IT-дастурчи мутахассислиги бўйича тамомлаб, ушбу йўналишда меҳнат фаолиятини бошлаган.

А.Азизов 2006 йилдан бугунги кунга қадар Данияда «Maersk A/S», «DONG Energy A/S», «Carlsberg A/S», «Implement consulting group», «Vestas A/S» ҳамда янги лавозимга тайинлангунга қадар «Danfoss» компаниясида Молиявий бизнес лойиҳаларини автоматлаштириш соҳасига юқори стандартларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ватандошимиз ҳам иқтисодчи, ҳам IT-дастурчи бўлганлиги унинг меҳнат фаолиятида юқори чўққиларни забт этишига замин бўлган.

Шу сабабли, у йирик халқаро компанияларда IT-маслаҳатчиси, IT-ечимларни жорий қилиш лойиҳаси раҳбари, бизнес лойиҳасида ишлаб чиқариш ва стратегияларни жорий қилиш бўйича менежер маслаҳатчиси, бошқарма бошлиғи каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритиб келган.

А.Азизов билан бевосита бирга ишлаган раҳбар ва ходимлар ҳам у ҳақида илиқ фикрларни билдиришган.

Масалан, «Carlsberg A/S» компаниясидаги менежери Lasse Helbo Nielsen, А.Азизов компаниядаги фаолияти давомида бизнес жараёнларини яхшилаш ва оптималлаштиришнинг уддасидан чиққанлигини, ишга янги, енгил, оддий ҳамда ишловчан механизмларни жорий этишда лидер эканлигини қайд этган.

Шунингдек, «Dong Energy А/S» компаниясидаги менежери Thomas Hamann-Hansen, А.Азизовни юқори малакали, тажрибали, меҳнаткаш инсон сифатида билишини, ўз ишининг етук мутахассиси эканлигини ҳамда бизнес ҳамкасблари билан профессионал ечимларни топишини билдирган.

А.Азизов Давлат солиқ қўмитасида жорий йилнинг май-август ойларида эксперт сифатида фаолият олиб борди.

Ушбу қисқа даврда Россия Федерал солиқ хизмати, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Хитой ва Жаҳон банки экспертлари билан солиқ органларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда бу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича келишувлар имзоланишига эришилди.

Азизов Абдулла Абдисаламовичнинг салоҳияти, йирик халқаро компанияларда орттирган тажрибаси, солиқ ислоҳотларини амалга оширишнинг энг муҳим босқичи – солиқ маъмурчилигининг бизнес жараёнларини автоматлаштириш, солиқ мажбуриятини масофадан бажариш ҳамда Маълумотларни қайта ишлаш марказини тубдан модернизация қилишда муҳим ўрин тутади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг