Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий банк «Давр банк» иши бўйича маълумот берди

Марказий банк «Давр банк» иши бўйича маълумот берди

Фото: «dividends.nuz.uz»

Марказий банк «Давр банк» ХАТБ Учтепа филиали ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган эътирозлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берди:

«Жорий йилнинг 7 май куни Марказий банк Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати раҳбари «Давр банк» ХАТБ ходимлари устидан банк депозитига қўйилган пул маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилгани билан боғлиқ масалалар юзасидан шикоят қилган бир гуруҳ фуқаролар билан учрашув ўтказди.

Ўз навбатида, шикоят қилган мижозларнинг банк томонидан ҳуқуқлари бузилгани тўғрисидаги мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинди ва шу куннинг ўзида шикоят хатида кўтарилган масалаларга аниқлик киритиш учун «Давр банк» ХАТБ раҳбарлари Марказий банкка таклиф этилди.

Марказий банк тижорат банклари номидан банк ходимлари томонидан амалга оширилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар учун банк тўлиқ жавобгар деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан, «Давр банк» ХАТБга қисқа муддатда банк томонидан мижозларга етказилган зарарларни кейинчалик айбдор ходимлардан регресс ҳуқуқида талаб қилиш асосида қоплаб бериш юзасидан кўрсатма берилди.

Банк томонидан жабрланган мижозларнинг масалаларини ҳал қилиш бўйича амалий чоралар кўрилмаган тақдирда, Марказий банк томонидан банкнинг айрим операцияларини тўхтатишгача бўлган қатъий чоралар қўлланилади.

Марказий банк ушбу масалага «Давр банк» ХАТБ раҳбариятининг эътиборсизлиги, шу жумладан, филиал мансабдор шахсларининг фуқароларга қўяётган «жиноят содир этишга уларнинг ўзлари шароит яратган» каби айбловларини ноўрин деб ҳисоблайди ва бу ҳолатлар банк акциядорларидан банк раҳбарларини алмаштиришни талаб қилишга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этади.

Марказий банк мазкур масала тўлиқ бартараф этилмагунга қадар амалга ошириладиган барча жараёнлар устидан доимий назорат ўрнатилишини маълум қилади», дейилган Марказий банк маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ оммавий ахборот воситаларида «Давр» банки ходимлари кўп миллионли ўмаришлар билан қўлга олингани ҳақида хабар тарқалган эди. ИИББ матбуот хизмати ушбу хабарни тасдиқлаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг