Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мурод Жумаев: «Дивиденд солиғининг 25 фоиз қилиниши тадбиркор учун катта зарба бўлиши мумкин»

Мурод Жумаев: «Дивиденд солиғининг 25 фоиз қилиниши тадбиркор учун катта зарба бўлиши мумкин»

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Кенг қамровли ислоҳотларда барча солиқ турларини қайтадан кўриб чиқиш назарда тутилган. Бу жараёнга, айниқса, тадбиркорлар бефарқ эмас. «Express Mail Universal» (EMU) МЧЖ директори Мурод Жумаев мухбиримиз билан суҳбатда солиқ концепцияси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

— Сизнингча, нега айнан ҳозир Ўзбекистонда янги солиқ концепциясини жорий этишга зарурат пайдо бўлди?

— Бундан мақсад, авваламбор, иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш орқали рақобатбардошликни ошириш, солиқ ҳисоботларини соддалаштириш, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларни жалб қилишдир.

— Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасида илгари сурилаётган янгиликларга муносабатингиз қандай? Умуман, жараённи кузатиб боряпсизми, сизнинг назарингизда, концепция лойиҳасида эътибордан четда қолиб кетаётган омиллар ҳам борми?

— Албатта, ҳар бир тадбиркор, ҳар бир ишлаб чиқарувчи ё хизмат кўрсатувчи бу жараённи катта қизиқиш билан кузатмоқда. Воқеалар ривожидан четда қолиб кетганлар эртага рақобатчиларидан ҳам ортда қолиши тайин. Янги солиқ концепцияси лойиҳасида ўзига яраша имкониятлар таклиф қилинмоқда, масалан, амалдаги солиқ тизимида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар сони жуда кўп. Янги жорий қилинадиган концепцияда эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар сони камайтирилиб, соддалаштириляпти. Шу билан бирга, менимча, айрим камчиликлари ҳам бор.

Концепция лойиҳасидан четда қолиб кетган омилларни ҳозирча кўрмадим, лекин бир нарсани айтишим керакки, дивиденд солиғининг 25 фоиз қилиниши тадбиркор учун катта зарба бўлиши мумкин. Яъни, агар дивиденд солиғи камайтирилмас экан, инвесторларни жалб қилиш ҳам, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳам қийин бўлади. Агарда инвестор кичикроқ ставкадаги солиқ тўлаш орқали дивидендни олса, у яна бошқа бизнесларга пулини тикиши, янгидан-янги иш жойлари яратиши мумкин. Агарда маҳаллий инвестор дивиденд солиғини тўлаб, ўз пулини қайтариб олса, янги бизнесга қайтиб пул тикмаслиги аниқ. Ҳар бир инвестор ва тадбиркорнинг мақсади фақат фойда олиш бўлса, унда ўз пулларини тижорат банкларига омонатга қўйишни афзал билади.

Менимча, концепцияда даромади йилига 1 000 000 000 (бир миллиард) сўмдан ошган хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳам мажбурий равишда ҚҚС тўлашлари керак. Бу хизмат кўрсатувчи корхоналар учун бироз ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин, чунки хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг асосий ресурси иш ҳақи кўринишидаги харажатлардир, яъни улар ҚҚС билан жуда кам миқдордаги ресурсларни қабул қиладилар.

— Солиқ тизими ва сизнинг компаниянгиз: эски солиқ тизимида қандай ишлардингиз ва ўйлайсиз, бундан почта-курьерлик бозоримиз қандай ўзгаришга учрайди: почтага ҳам сармоя киритилармикан ёки чет элдаги йирик операторлар бизда кўплаб филиалларини очса, биздаги почта-курьерлик компаниялари рақобатга дош бера оладими?

— Сиз айтганингиздек, чет эллик инвесторлар Ўзбекистон бозорига кириб кела бошласа, почта-курьерлик компанияларига ҳам сармоялар киритилади. Чунки Ўзбекистон бозорида бу соҳа ҳали ривожланамаган. Рақобат бўлган жойда ривожланиш, хизмат кўрсатиш сифати ошади. Маҳаллий компаниялар ҳам ҳозирда чет эл компанияларидан қолишмаган ҳолда хизмат кўрсатиб келмоқда, янгиликлар қилишмоқда. Мижозларнинг талаб ва истакларига биноан хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга, бизнинг компаниямизда ҳам чет эл тажрибалари ўрганиб келиняпти. Яқинда Туркияда хизмат сафарида бўлиб, почта-курьерлик компанияларининг ишини ўрганиб келдим. У ерда шунга амин бўлдимки, бизнинг компанияда ташкил қилинган хизматлар Туркияда жорий қилинган хизматлардан ҳеч ҳам қолишмайди. Агарда чет эллик компаниялар мамлакатимиз бозорига кириб келса, компаниямиз рақобатга бардош беришига, хизматлари сифатини янада яхшилай олишига ишонаман. Бизнесда рақобатга қараб эмас, мижознинг хоҳишига қараб ҳаракат қилиш керак — бу компаниямизнинг шиори.

— Янги солиқ концепцияси аввало ким учун фойдали: йирик компанияларгами ёки кичик бизнесгами? Умуман, компанияларда ишловчи оддий ходимларга ҳам солиқ ислоҳотлари енгиллик берадими?

— Янги концепция йирик компаниялар учун ҳам, кичик бизнес учун ҳам солиқларни соддалаштириш эвазига енгиллик беради. Корхоналар ўртасидаги соғлом рақобат эса, албатта, иқтисодиётнинг ўсишига олиб келади.

Ходимларга келадиган бўлсак, фикримча, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкаси етарли даражада баланд (25 фоиз) қилиб белгиланган. Ушбу ставкани пасайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Собит Аҳадов суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг