Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институтига янги имтиёзлар берилди

«ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институтига янги имтиёзлар берилди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 22 февраль куни «Иқтисодиёт базавий тармоқларидаги лойиҳа ишларини ҳамда муҳандис-лойиҳаловчиларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.

Ушбу қарор билан лойиҳа ишлари сифати ва уларни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, ушбу соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш, шунингдек, «ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институти фаолияти янада такомиллаштирилади.

Хусусан, иқтисодиёт базавий тармоқларидаги лойиҳа ишларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

— лойиҳалаш ва лойиҳани бошқариш соҳасида муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, чет эл таълим муассасаларидан ва инжиниринг компанияларидан етакчи мутахассислар ва муҳандис-лойиҳаловчиларни ўқув жараёнига кенг жалб этиш;

— Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Навоий давлат кончилик институти (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари) талабалари иқтисодиёт базавий тармоқларининг корхоналари ва лойиҳа институтларида (кейинги ўринларда – лойиҳа институтлари) мажбурий стажировкадан ўтиш амалиётини жорий этиш, шунингдек, уларда амалий машғулотлар ўтказиш;

— Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда лойиҳа ишларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда чет эл инжиниринг компаниялари хизматлари ўрнини босқичма-босқич эгаллаш;

— мамлакатимиз муҳандис-лойиҳаловчиларини ва бошқа мутахассисларни лойиҳалашнинг замонавий стандартларига амалий ўргатиш мақсадида иқтисодиёт базавий тармоқларининг объектларида контрактлар бўйича лойиҳалаш ишларини амалга ошираётган чет эл инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳа институтларида лойиҳа гуруҳлари ташкил этилишини амалиётга жорий қилиш;

— лойиҳа ишларини сифатли бажариш учун лойиҳа институтларини зарур замонавий ташкилий техника ва асбоб-ускуналар, хорижий илмий-техник адабиётлар, жаҳондаги ихтисослаштирилган нашрлар маҳсулотлари, шунингдек, илғор дастурий маҳсулотлар билан жиҳозлаш.

«ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институти иқтисодиёт базавий тармоқларида лойиҳалаш ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, шунингдек, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари, иқтисодиёт базавий тармоқларининг корхоналари ва лойиҳа институтлари ўртасида юқори малакали муҳандис-лойиҳаловчиларни тайёрлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилувчи орган ҳисобланади.

Шунингдек, лойиҳа институтларига қуйидагилар рухсат этилсин:

— чет эллик юқори малакали мутахассисларни тўғридан-тўғри фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида лойиҳа ишларини бажаришга жалб этиш ва уларга халқаро амалиётда қабул қилинган нарх ва миқдорларга мувофиқ ҳақ белгилаш;

— хорижий ташкилотлар ва мутахассислар билан ишлаганда ҳар қандай техник ва тижорий ҳужжатлар ва ахборотдан биргаликда фойдаланиш, бундан давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат маълумотлар мустасно.

«ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институтининг бошқарув, ишлаб чиқариш ва техник ходимлари сони 300 бирликдан иборат янгиланган тузилмаси ҳам тасдиқланди. Институт директорига институт штат жадвалини мустақил равишда тасдиқлаш ва унга ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси раҳбари билан келишиб, зарур ҳолларда институт ходимлари сони ва тузилмасига ўзгартиш киритиш ҳуқуқи берилди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари, лойиҳа институтлари ва инвестициявий лойиҳалар буюртмачиларининг буюртмасига асосан ўрнатилган тартибда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва мутахассисларига, шу жумладан, улар оила аъзоларига кириш визаларини консуллик йиғимларини олмасдан расмийлаштириш таъминланади (таклиф этаётган томон тўлайдиган амалий харажатларни қоплашга доир йиғимлар бундан мустасно).

Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари, лойиҳа институтлари ва инвестициявий лойиҳалар буюртмачиларининг буюртмаларига асосан етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва инжиниринг компаниялари мутахассисларига, шу жумладан, улар оила аъзоларига давлат божларини ундирмай ўрнатилган тартибда кўп марталик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишни таъминлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг