Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сингапур – беш карра қиммат шаҳар

Сингапур – беш карра қиммат шаҳар

Беш йилдан бери «энг қиммат шаҳар» мақомини ўзида сақлаб турган Сингапурни Париж ва Цюрих таъқиб этмоқда.

Фото: «votpusk.ru»

«Economist Intelligence» журнали ҳар йили «қимматбаҳо ва камбағал» шаҳарлар рўйхатини эълон қилади. Унинг 2018 йилги рейтингида Сингапур кетма-кет бешинчи бор энг қиммат шаҳар сифатида қайд этилди. Энг арзон шаҳар эса уруш ўчоғи бўлиб турган Сурия пойтахти Дамашқлиги маълум қилинди.

«Economist Intelligence» ушбу рўйхатни шаҳарлардаги 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотларнинг нархини аниқлаш орқали тузади. Ушбу маҳсулотлар орасида нондан тортиб, автомобилларнинг «емиши» – бензингача бор. Журнал бу йилги тадқиқотни дунёнинг 133 та шаҳрида ўтказди.

Рўйхатда Осиё шаҳарларининг юксалишини яққол кўриш мумкин. Гарчи Гонконг ўтган йилга нисбатан икки поғона пастлаб, Франция ва Швейцария пойтахтлари – Париж ва Цюрихни ўтказиб юборган бўлса-да,  ҳамон кучли бешталикда. Жанубий Корея пойтахти эса, аксинча, тобора «қимматлашиб», қитъадош шаҳарларини қувламоқда.

Беш йилдан бери «энг қиммат шаҳар» мақомини ўзида сақлаб турган Сингапурни Париж ва Цюрих таъқиб этмоқда. Шунингдек, «кучли ўнталик»да Европанинг Осло, Женева ва Копенгаген шаҳарлари ҳам бор.

Рўйхатнинг қуйи поғоналари, яъни арзонлар қаторида Венесуэланинг Каракас, Нигериянинг Лагос, Қозоғистоннинг Олмаота, Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳарлари кўрсатилган. Энг қиммат ва энг арзон – Сингапур ва Дамашқ  шаҳарларидаги нарх-наво орасидаги фарқ беш баробардан ҳам юқори.

Дилмурод Парпиев тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг