Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Японлар Тойлоқда 5 қаватли гипермаркет қуради

Японлар Тойлоқда 5 қаватли гипермаркет қуради

Фото: «Zarnews»

Самарқанддаги «JV MAN AUTO UZBEKISTAN» қўшма корхонасида 2019-2020 йилларда вилоятнинг Жомбой, Тойлоқ, Пайариқ, Булунғур ва Оқдарё туманларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Тойлоқ туманида 12 миллион 450 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини жалб этилган ҳолда умумий қиймати 377 миллиард 625 миллион сўм бўлган экотуризмни ривожлантириш, логистика, замонавий гипермаркет, иссиқхона қуриш, тиббиёт воситалари, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар амалга оширилади.

– Биз япониялик ҳамкорларимиз билан туман марказида вилоятда ўхшаши бўлмаган беш қаватли гипермаркет қуриш лойиҳасини амалга оширяпмиз, – дейди Тойлоқ туманидаги «JAPAN TRADING GROUP Co» хусусий корхонаси раҳбари Ботир Қорахўжаев. – Умумий қиймати 8,3 миллиард сўм бўлган лойиҳа Япониянинг машҳур «Donkey Hotte» брендининг 1 миллион долларлик тўғридан-тўғри сармояси орқали молиялаштирилади ва жорий йил сўнггигача ишга туширилиб, 35 та иш ўрни яратилади. Тиббиёт қўлқоплари ва шприцлар ишлаб чиқаришга қаратилган иккинчи лойиҳамиз ҳам япониялик ҳамкорларимизнинг 2,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри сармояси асосида амалга оширилмоқда. Маҳаллий аҳолининг 120 нафари иш билан таъминланадиган ушбу корхонада йилига 23 миллион дона тиббиёт қўлқопи ва 17 миллион дона шприц ишлаб чиқарилиб, унинг 35 фоизи экспорт қилинади.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов тижорат банклари тадбиркорнинг энг яқин кўмакчисига айланиши кераклигини ва айрим лойиҳаларни янада мукаммаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, туман ҳокимларига хорижий сармоядорлар ва тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда муаммога дуч келишининг олдини олиш учун ер, сув, электр, коммуникация масалаларида етарли шароит яратиш бўйича топшириқ берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг