Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

3 нафар иштихонлик ёшларнинг жиноятга қўл уришига ишсизлик сабаб бўлганми?

3 нафар иштихонлик ёшларнинг жиноятга қўл уришига ишсизлик сабаб бўлганми?

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ва жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги мудҳиш воқеа кўпчиликнинг дилини хира қилди. Бугун улар шу жиноятни содир этмаганида иштихонлик бир оиланинг 5 нафар инсони ҳаётдан бевақт кўз юммаган бўлар эди.

Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида Ёшлар пресс клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Иштихон туманида 141 та носоғлом муҳитга эга оилалар мавжудлиги қайд этилди.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобиловнинг айтишича, атиги 22 млн сўм эвазига бутун бошли бир оиладаги 5 нафар шахснинг ёшлар томонидан ўлдирилганлиги «қилаётган лойиҳаларимиз, тадбирларимиз самара бермаяптими?» деган саволни келтириб чиқармоқда, жиноятнинг илдизи ишсизликка эмас, аксинча оиладаги носоғлом муҳит, тарбиядаги лоқайдлик ва бефарқликка бориб тақалади. 

Мулоқотда айтилишича, 2018 йил «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ишчи гуруҳи туманда манзилли рўйхат тузиш бўйича ана шу ёшларнинг уйига ҳам ташриф буюрган. Уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича имтиёзли кредитларни таклиф этишган. Аммо улар кредитга эҳтиёжлари йўқлигини билдириб, таклифни рад қилишган.

—Бугун вилоятимизда рўй берган жиноятчиликнинг ёшлар томонидан амалга оширилгани барча мутасаддиларни сергакликка чақирди. Вилоятнинг ҳамда туманнинг 4 та сектор раҳбарлари билан жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини муҳокама қилдик. Келгусида фаолиятимизда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва Ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олдик, – дейди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи Дилмурод Қурбонов.

Шаҳноза Нуруллаева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг