Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

500 дан зиёд тадбиркор «Ready4Trade Марказий Осиё» лойиҳаси доирасида экспортчилар учун курсларда таълим олдилар

500 дан зиёд тадбиркор «Ready4Trade Марказий Осиё» лойиҳаси доирасида экспортчилар учун курсларда таълим олдилар

2022 йилда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари учун экспорт ҳамда халқаро савдо қоидаларини ўргатувчи янги ўқув дастури жорий этилганди. Курсларда тадбиркорлар ҳам онлайн, ҳам офлайн шаклда бепул ўқийдилар.

Ушбу ўқув дастуридан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги кичик ва ўрта компанияларга ўз экспорт салоҳиятларини юзага чиқариш учун барча имкониятлардан фойдаланишда ёрдам бериш ва шу орқали миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигининг ўсишига узоқ муддатли ижобий таъсир кўрсатишдан иборат. 2022 йил 21 сентябрдан буён ўқув дастури доирасида ўзбекистонлик 500 дан зиёд тадбиркор таҳсил олди. Бизнесменларга таклиф этилаётган курслар қаторида экспорт таомиллари, халқаро савдо қоидалари, транзит логистика йўналишлари, сифат ва мувофиқлик стандартлари, шунингдек Европа Иттифоқи бозор талаблари кабилар мавжуд.

Ўқув материаллари Халқаро савдо маркази (ITC) – Жаҳон савдо ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўшма агентлиги томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Ready4Trade Марказий Осиё лойиҳасининг бир қисми саналади. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу лойиҳанинг фаолиятини мувофиқлаштириб, экспорт ҳамда халқаро савдо қоидаларини ўргатиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди, зеро экспортни кенгайтириш Ўзбекистонни иқтисодий ривожлантиришдаги энг муҳим устуворликлар сирасига киради.

Ўқув дастури Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги «Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг илмий асослари ва муаммолари» илмий-тадқиқот маркази базасида амалга оширилади. Университет ушбу халқаро лойиҳанинг Ўзбекистондаги институционал ҳамкори бўлди.

«Онлайн ва офлайн курслар иштирокчилари ноёб билимларга эга бўладилар, чунки дастур Ўзбекистонда экспортчилар дуч келадиган муайян муаммоларга асосланган. Халқаро савдо марказининг техник экспертизаси ва кенг профессионал контактлар тармоғи туфайли, тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга ўзларига қулай шаклда, бепул жавоб олишлари мумкин»,- қайд этди илмий-тадқиқот маркази директори Муҳиддин Калонов.

Ўтган йилда тренерлар Тошкентда, шунингдек Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудлари, жумладан, Фарғона ва Урганчда офлайн-семинарлар сериясини ўтказдилар. Дастурни муваффақиятли якунлагач, иштирокчилар курс ўтилганини онлайн тасдиқловчи сертификатларга эга бўлдилар. 2023 йилда, пойтахтдан ташқари, Самарқанд, Бухоро ва Наманганда ҳам семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Жорий йилда инструкторлар раҳбарлигида биринчи семинар 30 январда Тошкентда ўтказилади. Офлайн семинарларларда қатнашиш учун қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин: https://bit.ly/3FDVAKQ

Таълим икки шаклда – тренерлар раҳбарлигида офлайн семинарларда ва махсус ўқув платформасида онлайн режимда ўтиши сабабли, ҳар бир қизиққан тадбиркор экспорт асосларини ўзига энг қулай усулда ўрганиш имкониятига эга бўлади.

«Ўзбекистон тадбиркорлари учун янги бозорларга чиқиш ўз бизнеслари кўламини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, келгусида хорижда шуҳрат қозониши мумкин бўлган маҳаллий брендларни яратиш мамлакат обрўсига ҳам ижобий таъсир кўрсатади», - қайд этди ТДИУ профессори Абдурашид Қодиров.

Ўқув дастурида барча қизиққанлар таҳсил олишлари мумкин, бунинг учун UzExportAcademy  платформасида рўйхатдан ўтиш, керакли курсни танлаш ва таълим олишни бошлаш, бу билан экспортга чиқиш йўлидаги илк қадамни ташлаш кифоя.

___________________________

Ready4Trade Марказий Осиё – ЕИ молиялаштирадиган ва Халқаро савдо маркази томонидан маҳаллий шериклар билан яқин ҳамкорликда амалга ошириладиган тўрт йиллик лойиҳа. Ready4Trade Марказий Осиё бенефициарлари ҳукуматлар, кичик ва ўрта корхоналар, жумладан аёллар раҳбарлик қиладиган корхоналар ва бизнес ривожини қўллаб-қувватловчи ташкилотлар саналади.

Лойиҳа тўғрисида батафсилроқ маълумот: https://ready4trade.intracen.org/ru

UzExportAcademy ўқув платформаси сайти: https://uzexport.learning-solutions.cloud/

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг