Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

9 майдан бошланаётган ёхуд унутилаётган тарих

9 майдан бошланаётган ёхуд унутилаётган тарих

Фото: «Google.com»

Ҳар йили 9 май яқинлашаверса менинг қон босимим кўтарилаверади. Сабаби, ўша, бундан 74 йил олдин содир бўлган ғалаба кунининг ёши катталашган сайин биз уни йилдан-йил ашаддийроқ тарзда нишонлаяпмиз. Йиллар ўтган сайин ўша кун биздан узоқлашиб қочаяпти, биз эса ундан айрилгимиз келмай баттароқ қувлаяпмиз.

Йўқ, мен ўша ғалабани аҳамиятини камситмоқчи ҳам, пасайтирмоқчи ҳам эмасман. Фашистлар устидан дунё оммасининг ғолиб бўлган куни сифатида бу кун ҳали узоқ эсланишини ҳам биламан. Қолаверса, гарчи тирик қайтиб келган бўлсалар-да ўзимнинг ҳам иккита бобом ана шу урушда қатнашганлар, фашистларнинг додини берганлар.

Ўша урушдан кимдир қайтди, кимдир эса бедарак кетди, кимдир эса қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Уларнинг ҳаммаларини дуо қиламан. Аммо... ўйлайман, бизда халқимиз учун қадрли бўлган ўша «ғалаба куни»дан бошқа яна қандай кун бор? Наҳотки биз учун 9 май, 1945 йилдан олдин тарих бўлмаган бўлса? Ота-боболаримиз Ватан учун, эрк учун жон фидо қилмаган бўлсалар?

Шу ўринда кичик бир «лирик» чекиниш қиламан; Мен, ижтимоий тармоқларга киргунимча Туркиянинг тарихини билмаганман. Аммо ижтимоий тармоқларда турли инсонлар орқали лентамга кунора турк тилида «Фалон ойнинг фалон куни, боболаримиз фалон шаҳарнинг ҳимоясида мардларча туриб ғолиб бўлган ёки шаҳид бўлган кун. Келинглар, уларни дуоларимизда йўқлаб қўяйлик» деган ёки қандайдир муҳим кунлар сабабли ташкиллаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабарлар келади. Мен ўша хабарлардан англайманки турклар бундан бир аср олдин ўз юртларининг мустақиллиги катта хавфлар остида қолганида Ватанларининг ҳар бир қарич ерини жонларини фидо қилиб ҳимоя қилганлар, шаҳид бўлганлар. Энг муҳими эса ана ўша кунларни, улар ҳатто йилнинг 365 кунини банд этса ҳам кичикроқ тадбир орқали бўлсада доим эслайдилар. Ютуқларини байрам қиладилар, мағлубиятда шаҳид бўлганларни дуолар билан хотирлайдилар.

Шунингдек турклар байроғининг ранги нега қип-қизил алвонранг эканлигини ҳам билмас эдим. Ўзимча Мустафо Камол Отатурк Россиядаги Октябрь тўнтаришидан илҳомланиб Туркияда «Ёш турклар» ташкилотини тузган ва қизил байроқ андозасини «большавойлар»дан олган деб юрардим. Аммо бир турк шу тахминимни эшитиб ниҳоятда дарғазаб бўлди; «Қизил байроқ бу-Туркиянинг мустақиллиги учун курашган ва шаҳид бўлган боболаримизнинг қонидан олинган. Бошқа гап йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!»

Хўш, бизнинг боболаримиз фақат 1941-45-йиллардаги фашистларга қарши Жаҳон урушида бирлари ғолиб, яна бирлари шаҳид бўлдиларми? Бизда ўша урушдан олдин ғалабадан фахрланадиган ёки мағлубиятда шаҳид бўлганларни эслаб дуолар қиладиган кунлар бўлмаганми?

Наҳотки бизнинг тарихимиз ҳам, ғалабаларимиз ёки мағлубиятимиз ўша 1945 йилдан бошланган бўлса?

Наҳотки ота-боболаримиз ўша урушгача Ойда яшаган бўлсалар?

Йўқ азизлар. Бизда ҳам ўша урушгача шонли тарихлар бўлган. Бизнинг ота-боболаримиз ҳам худди турк қардошларимизнинг ота-боболаридай бир аср ва ундан бироз олдин, олдинига Чор Россиясининг оккупациясига қарши муносиб қаршилик кўрсатганлар, Ватан тупроғини ҳимоя қилиб шаҳид бўлганлар.

Ундан кейин эса «большавойлар»нинг «қизил террор»ига қарши жанг қилиб яна қанчалаб боболаримиз шаҳид бўлдилар. Яна қанчаси эса ўз юртининг ҳимоячиси ўлароқ чиқиб, келгинди босқинчилар томонидан «босмачилар» деб номландилар. Уларнинг ҳам алвондай қип-қизил қонлари дарё бўлиб оққан. Бугунги қир-адирлардаги алвонранг лолақизғалдоқлар ана ўша юрт ҳимояси учун шаҳид кетган боболаримизнинг қонлари билан суғорилгандир.

Гарчи ўшанда мағлубиятга учраб, биз олдинига чоризмнинг, кейинчалик дунё тарихида «мустабид бир тузум» ўлароқ баҳоланган «большавойлар империяси»нинг мустамлакаси бўлган бўлсак ҳам, ўша мағлубиятлар Ватан ҳимояси учун жон фидо қилиб шаҳид бўлган боболаримизни, шу юрт учун қилган қаҳрамонликларини ҳеч ҳам камситмайди. Камсита олмайди ҳам. Аммо, биз бугун уларни муносиб эслай олаяпмизми? Уларга муносиб авлод бўла олаяпмизми? Топиб олганимиз, шу 9-майдан бошқа, юрт озодлиги учун жон фидо қилган боболаримизни қаҳрамонликларини йўқлайдиган, эслайдиган бошқа кунимиз борми?

Худди туркларга ўхшаб бизда ҳам тарих зарварақларида шонли ҳарфлар билан ёзилган саналар кўп.

Чор Россиясининг Тошкентни босиб олиши, Қўқонни босиб олиб хонликни тугатиши, Самарқандни босиб олиши, Дукчи Эшон қўзғолони, 1916 йилда бўлиб ўтган Жиззах қўзғолони, Туркистон мухторияти эълон қилинган ва тугатилган кунлари, Колесовнинг Бухорони авиация ёрдамида бомбардимон қилиши, большавойлар тарафидан «Ўрта Осиёда босмачилик ҳаракати батамом тугатилди» деб берилган сана, 1937 йилдаги Сталин қатағонининг бошланиши ва бу йўлда миллат тиргакларининг қамоқхоналарга тиқилиши, ўтган асрнинг 80-йилларидаги марказ томонидан уюштирилган «пахта иши» каби ҳодисаларнинг ҳар бири алоҳида кун қилиниб эсланадиган, шаҳид кетган боболаримиз ҳаққига дуолар қилинадиган муҳим кунлардир.

Тўғри, ўша кунлар ҳақида тарих дарсликларида бордир ёки тор доираларда эсланар ҳам. Аммо биз ёш авлодни ватанпарвар қилиб тарбияламоқчи бўлсак боболаримизнинг ана ўша ғолиб ёки мағлуб бўлган кунларини кенгроқ доирада эслашимиз, улар ҳақида ОАВда кўпроқ тарғибот ишларини олиб боришимиз керак эмасми?

Бугун бориб интервью олаётганимиз 95 ёки 100 ёшни қаршилаган уруш қатнашчисининг бошидан ўша урушдан олдин нималар ўтган, унинг большовойларга қарши курашган отасининг, Чор Россияси армиясига қарши жанг қилган бобосининг ҳоли нима бўлган, ҳеч ким бу ҳақда сўрамайди. Аммо сўраш керак. Ўша инсон фашистларга қарши жангда қатнашгунча ўтган ҳаётида балки отасининг, бобосининг ҳам бошқа душманларга қарши жангларинигг гувоҳи бўлгандир. Оиласини «қулоқ» қилиб азоб беришгандир. Нахотки ўша кунларни осонгина унутиб, тарихни ҳар сафар 9 майдан осонгина бошлайверсак?!

1991 йилда биз ниҳоят мустабид тузумдан қутилдик ва мустақил Ўзбекистон бўлдик. Шундан кейин биз юртимиз учун жон фидо қилган боболаримизни муносиб эсласак ҳеч ким ҳеч нарса демас эди. Аммо ўтган 26 йиллик тарихимиздан хулоса қилиб айтаман; биз уларни муносиб эсламаяпмиз. Аксинча, ёпишиб олганимиз шу 9 май санаси бўлаяпти.

Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» фильмини илк бор кўзимда ёш билан йиғлаб кўрганман. Чунки бу фильмда охирги 150 йиллик тарихимиз борича кўрсатилган. Аммо юрт озодлиги учун шаҳид кетган боболаримизни муносиб эсламаганимиз етмагандай негадир бу фильмни ҳам менга номаълум бўлган сабабларга кўра анча йиллардан бери ҳеч қаерда кўрсатишмайди.

Шунингдек на телевидения ва на ОАВ ўзимизга тегишли тарихимизда ўтган саналарни эслатади. Балки эслатар, аммо у тор доирада бўлади. 9 майни эслашни эса муболаға бўлса ҳам айтай, март ойидан бошлаб юборамиз.

Шунингдек ўша юрт озодлиги ва эрки учун жон фидо қилиб шаҳид бўлган боболаримиз ҳақида на тузукроқ фильм олганмиз, на сериал ишлаймиз ва на ҳужжатли фильм ишлаймиз. Назаримда улар йилдан йил унутилмоқда.

Тарих бизга сабоқ бўлиши, ютуқларимиздан фахрланишимиз, мағлубият ва аламли кунлардан тўғри хулоса чиқаришимиз керак.

Шу пайтгача нима бўлса бўлди ва ҳалиям кеч эмас. Биз юқорида ёзган муҳим саналарда боболаримизни, уларнинг юрт учун жон фидо қилганларини ёш авлодга янада сингдириш учун мамлакат бўйлаб турли тадбирлар ўтказишимиз керак. Акс ҳолда 1945 йил, 9 майдан олдинги тарихини билмайдиган, билса ҳам эслашни хоҳламайдиган манқурт авлодларни етиштирамиз холос. Балки етиштириб ҳам бўлгандирмиз.

P.S. Ўша фашистларга қарши жанг қилган боболарим умрларининг охиригача «бир фашистни деб, иккинчи фашистга қарши жанг қилдик» деб ўша «СССР» деб аталган мустабид тузумни сўкиб ўтдилар.

Ғайрат Йўлдош

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг