Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Абитуриентни таламанг! Тирикчиликми ёки тирриқчилик?

Абитуриентни таламанг! Тирикчиликми ёки тирриқчилик?

Фото: «Xabar.uz»

Бугун Гулистондан жияним келди. Нега кечикдинг, деган саволимга, «ҳамма абитуриентлар Тошкентга келяпти, ДТМ рухсатномасини олиш учун, одам кўп», деди. Унинг айтишича, такси нархи ошиб кетибди, пойтахтгача 30 минг сўм экан. Киракашларнинг ошиғи олчи бўлибди.

Биз нега ўзимизни ёмон кўрамиз? Бу ёғини сабр билан эшитинг. Ҳа, биз ўзимизни ёмон кўрамиз. Негаки, байрамлар арафасида ҳамма таксичилар нархни ошириб олади, ваҳоланки, ёнилғи нархи ошмаган бўлса ҳам. Энди ҳаммамиз ҳам бошқа бозорчию дўкончиларнинг байрам арафасидаги ошди-ошди томошаларига кўп гувоҳ бўлганмиз. Янги йил байрами арафасидаги нархлар ўйнашини айтмай қўя қолай, энг муқаддас ҳайит байрамларида ҳам аҳвол шу – бозордаги нарх-наволар бирдан кўтарилиб қолади. Аммо баъзи мамлакатларда байрамлар арафасида тадбиркорлар ўз маҳсулотларини арзонлаштиради, катта-катта чегирмалар эълон қилади. Улар шу баҳона кўп маҳсулот сотади, ҳам савобга шерик бўлади. Бизда бунинг акси. Кўпроқ қимматга сотсам, кўпроқ фойда олсам, деган ўй кўнглимизни банд этади.

Қани айтинг-чи, биз ўзимизни ёмон кўрамизми? Ҳа, ёмон кўрамиз, чунки биз қимматга сотмоқчи бўлган маҳсулотни ўз юртдошимиз, акамиз, укамиз, опа-синглимиз, ота-онамиз, яъни қўшнимиз, маҳалладошимиз олади, ўзга юртлардан бегоналар келиб олмайди. Озида барака бор, деган ҳикматни унутиб қўйганмиз. 

Фото: «Xabar.uz»

Яна Гулистонга қайтамиз. Ўттиз минг сўмга олиб келган киракаш, уйига қайтаётган абитуриентни, агар қиз бола бўлса, у билан бирга келган отаси ёки онасини арзонга қайтиб олиб кетадими? Йўқ, албатта, улар минг ялинса ҳам олиб кетмайди. Баҳонаси ҳам бор: бошқа кунлар одам бўлмайди, шунга бугун ҳиссасини чиқариши керак. Абитуриент тест куни яна пойтахтга келади, яна таксичига худо беради, энди у 50 мингга чиқариб олади нархини. Билади, абитуриент йилда бир марта бўладиган синов, айтиш мумкинки, ҳаётини ҳал қиладиган паллада 50 минг сўмдан кечворишга тайёр.

Абитуриентнинг ўқишга киришга бўлган иродасини бугун киракашлар синамоқда. У ўқиб олий таълим олса, юрт келажаги учун қайғуради, одамларнинг фаровон яшаши учун хизмат қилади, деган ўй келмайди киракашларнинг хаёлига: у бегона, қолаверса, ўқиб асакани олиб берармиди, тирикчилигимга ёрдам берармиди?

Сирдарёлик илмга ташна абитуриентлар тест синовларини пойтахтда топширадиган бўлибди. Тестга вақтли етиб келмоқчи бўлганлар иложини қилиб шу куни таниш-билишлари билан саҳарлаб пойтахтга етиб келади. Аммо бунга қурби йўқлар бир-икки кун аввал Тошкентга отланиб, меҳмонхонаю ижара уйларга жойлашади, хуллас улар ҳаётнинг кутилмаган синовларига тайёр бўлишлари шарт.

Нима ҳам дердик, ўзимизни яхши кўрсак, ён-атрофдагиларимизни ҳам яхши кўрайлик. Илм талабгорларига омад, киракаш ҳайдовчиларга инсоф тилаган ҳолда, абитуриент бегона эмас, маҳаллашадошимиз, қўшнимиз, укамиз, синглимиз, унутманг, дея эслатиб қўямиз.

Абдуғани Абдураҳмонов

Таҳририятдан: Бу биргина Сирдарёда эмас, бутун мамлакатимизда учраётган ҳолат. Азалдан кўпни кўрган халқимиз илм йўлида отланганларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатишган. Биз ҳеч бўлмаганда, катта йўл бошидаги илм изловчиларга амалимиз билан хайриҳоҳ бўлайлик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг