Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазири солиқ тўловчилар билан учрашди

Адлия вазири солиқ тўловчилар билан учрашди

Президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларининг «Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим» деган сўзларини иқтибос келтириб қуйидагиларни баён этган: «Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз».

Дарҳақиқат, тадбиркорлик фаолиятини қонуний ташкил этган, атрофидагиларга нафи тегаётган, иш ўрни яратаётган ишбилармонларни қўллаб қувватлаш, уларга ёрдам бериш юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосидир.

Шу маънода иқтисодиётда солиқ юкини камайтириш, мажбурий ажратмаларни бекор қилиш орқали мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигининг ортишига хизмат қиладиган енгиллик ва афзалликларнинг ҳаётга тадбиқ этилганлиги иқтисодий барқарорликни таъминлайди.

Бу борада 2019 йилдан бошлаб солиқ ислоҳотлари концепцияси доирасида жуда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумбелгиланган солиқ турига ўтказиш тартиблари ҳамда қўшилган қиймат солиғи каби тушунчаларнинг моҳиятини бугун ҳар бир хўжалик юритувчи субъектларга, тадбиркорларга, ишбилармонларга батафсил етказиш учун учрашувлар, давра суҳбатлари мунтазам давом эттирилмоқда.

Яқинда Сирдарё вилоят прокуратурасининг мажлислар залида ташкил этилган тадбирга Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг ҳисобчилари ва раҳбарлари таклиф этилди.

Учрашувда Адлия вазири Русланбек Давлетов, вилоят прокурори Равшан Машарипов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жўрабек Ғойибов ҳамда бошқа ташкилотлардан вакиллар иштирок этишди.

Сўзга чиққан Адлия вазири Р.Давлетов солиқ ислоҳотлари концепцияси тараққиётимизнинг кейинги босқичини белгилаб берувчи асосий омил эканлигини таъкидлаб, ислоҳот доирасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб ўтди.

Тадбир давомида вилоят прокурори ва давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан ҳам 2019 йилда солиқ сиёсатидаги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Йиғилганларнинг кўп қисмини умумбелгиланган солиқ турига ўтган солиқ тўловчилар ташкил этгани боис қўшилган қиймат солиғи ва уни тўлаш тартиблари борасидаги қизғин савол-жавоблар учрашувнинг асосини ташкил этди.

Илғор Халилов, 
Сирдарё вилоят давлат солиқ бошқармаси 
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси 
катта инспектори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг