Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вице-президенти этиб сайланди

Алишер Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вице-президенти этиб сайланди

Фото: ТИВ матбуот хизмати

20 май куни Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси (ЖССА)нинг 72-сессияси ўз ишини бошлади, дея хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, ЖССАнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақаси бўйича вице-президенти этиб Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов сайланган.

"Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шароитларни шакллантириш ва профилактик тиббиётни ривожлантиришга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотларнинг ЖССТ томонидан эътироф этилишидан далолат беради", - дейилади манбада.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси - ЖССТнинг олий органи бўлиб, унинг фаолиятида ташкилотга аъзо барча давлатлар делегациялари иштирок этади. Унинг асосий функцияларига ЖССТ фаолияти йўналишларини белгилаш, ташкилот бош директорини танлаш, бюджетни тасдиқлаш ва назорат қилиш киради. Ассамблея раиси ва унинг 5 нафар ўринбосари ЖССТнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан сайланади ва ЖССА ялпи сессияларида навбатма-навбат раислик қилади.

ЖССАнинг ҳозирги сессиясида дунёнинг 190 дан зиёд мамлакатидан 3 мингга яқин делегат иштирок этмоқда. 150 нафарга яқин соғлиқни сақлаш вазири, етакчи халқаро ташкилотлар, йирик корпорациялар, халқаро жамғармалар ва илмий доиралар шулар жумласидандир.

Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг ялпи сессияда чиқиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, ЖССТ раҳбарияти ҳамда хорижий давлатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доир устувор масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси сессияси 28 майга қадар давом этади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг