Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонлик депутатлар мансабдорлар ҳисоботидан қониқмади

Андижонлик депутатлар мансабдорлар ҳисоботидан қониқмади

Ҳозирги кунда Андижон шаҳрида 8 та оилавий поликлиника фаолият юритмоқда. Меъёрий ҳужжатлар бўйича оилавий поликлиникалар ташкил этилиши нормативида 1 та оилавий поликлиника 30 минг аҳолига хизмат кўрсатиши белгиланган.

Бироқ Андижон шаҳридаги поликлиникалар ўртача 53 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу эса табиийки, аҳолига бир қатор қийинчиликлар туғдирмоқда. Аҳоли дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этиш учун эса Андижон шаҳрида яна 2 та оилавий поликлиника ташкил этилиши лозим.

Айни масалани ҳал этиш Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP гуруҳи йиғилишида кўриб чиқилди. Аммо шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи депутатлик йиғилишига келмади. Унинг ўрнига ўринбосари Нилуфар Тожибоева иштирок этди ва ҳисобот берди.

Н.Тожибоева депутатларнинг саволларига батафсил жавоб бера олмади. Шунингдек, улар томонидан тиббиёт соҳаси бўйича шаҳар тиббиёт бирлашмасига юборилган депутатлик сўровлар жавобсиз қолаётгани, шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги оилавий поликлиникалардаги эътиборсизлик ва масъулиятсизликлар оқибатида чақалоқлар ўлими ортиб бораётгани хусусида аччиқ, аммо ўринли эътирозлар билдирилди.

Йиғилишда тиббиёт бирлашмаси бошлиғидан ташқари шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг ҳисоботи ҳам тингланиши кўзда тутилган эди. Бироқ ҳоким ўринбосари ҳам йиғилишга келмади. Йиғилишда кун тартибидаги қолган масалалар юзасидан ҳам мансабдор шахсларнинг ўрнига келган мутахассисларга сўз берилди. Аммо раҳбарлик ваколати бўлмаган масъулларнинг ахборотлари депутатларни қониқтирмади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг