Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Аёл шаънига тегманг» — «Адолат» СДП Каттақўрғон воқеасига муносабат билдирди

«Аёл шаънига тегманг» — «Адолат» СДП Каттақўрғон воқеасига муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаровнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари барчамиз учун оғир, қайғули. Бу қилмиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, қонун ҳужжатларида эътироф этилган инсон ҳуқуқларига оид нормаларга, тергов ва суриштирув этикасига, миллий қадриятларимизга ўта зид.

Милиция капитани, бошқаларга ўрнак бўладиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган тезкор вакилнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати нафақат юзлаб, минглаб ички ишлар идораларида халққа ҳалол хизмат қилаётган тизим ходимларининг юзини ерга қаратди, мамлакатимизга иснод келтирди. Халқаро ҳамжамият олдида юзимиз шувит бўлди. Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Энг муҳими, юз берган воқеа Бош прокуратура ва жамоатчилик назоратида.

Кейинги вақтларда айрим юртдошларимиз жиноят қилган ёки фоҳишаликда гумон қилинган аёлларни ҳуқуқбузар ёки бошқа жиноятчи ёхуд жабрдийда сифатида видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Гўёки, катта бир жиноятни фош қилган сингари қўйилаётган видеотасвирлар миллат шаънини, обрўсини тўкмоқда.

Бундай қилиш Конституциямизда белгилаб қўйилган нормаларга, айбсизлик презумпциясига зид. Қолаверса, ҳар бир шахснинг дахлсизлик ҳуқуқи бор ва ундан фақат суд маҳрум этиши мумкин. Умумэътироф этилган халқаро нормаларда, миллий қонунчилигимиз талабларида ҳар бир шахснинг сурати ёки видеолавҳаси фақат унинг розилиги билангина тарқатилиши белгилаб қўйилган.

Афсуски, айни воқеа бўйича ижтимоий тармоқдаги айрим юртдошларимиз ҳам собиқ капитаннинг хатти-ҳаракатларини ўзлари билиб-билмаган ҳолда такрорлашмоқда. Яъни, ожиза аёлнинг бир сира ечинганлигини минг карра кўпайтириб, бутун дунёга кўрсатишмоқда. Шўрлик аёлга ўша таҳқир кам эдими? Ижтимоий тармоқлардаги шов-шувларимиз, айниқса, видеолавҳани бўлишишларимиз билан воқеа жабрдийдасини бутун дунёга такрор-такрор шарманда қилаяпмиз-ку, ахир.

Қолаверса, биз милиция ходимининг жирканч қилмишини ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиш ва тарқатиш орқали ўзимизни, миллатимизни бутун дунёга шарманда қилмаяпмизми?

Шундай экан, биз ижтимоий тармоқларда ҳам, расмий ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида ҳам инсон шаъни, қадр-қимматини эҳтиёт қилишимиз, эъзозлашимиз зарур.

Зеро, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият саналади ва уни ҳеч ким поймол қилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
«Аёллар қаноти» фаоллари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг