Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш механизми соддалаштирилди

Аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш механизми соддалаштирилди

Иллюстратив сурат.

Фото: «Mamochka.org»

Бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш механизми соддалаштирилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вазирликнинг масъул ходими хабар берди.

Манбанинг маълум қилишича, Молия вазирлиги томонидан бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасида кўзда тутилган бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнининг қулайлиги ва соддалиги юзасидан танқидий таҳлиллар олиб борилмоқда. Ушбу масалага бағишланган йиғилишда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг ўз вақтида тўланиши ва тўлов жараёнини соддалаштириш масаласи қаттиқ танқид қилинди.

Республика бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг туманлардаги бўлинмалари томонидан нафақаларнинг тўлаб берилиши бўйича анча йиллар аввал жорий этилган, лекин охиригача ўйланмаган мураккаб жараён жиддий муҳокама қилинди. Ушбу ташкилотлар нафақаларни тўлаш учун керакли ҳужжатларни вилоят бошқармалари орқали Тошкентга жўнатишлари зарур эди ва «маълум бир» таҳлиллардан сўнггина Молия вазирлигининг тегишли бошқармалари томонидан тасдиқлаб берилар эди. Натижада бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш баъзан 2 ойгача кечиктирилар эди.

Йиғилиш якунига кўра вазирлик раҳбарияти томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашда ахборот технологияларини ҳамда тўғридан-тўғри мулоқотсиз алоқа шаклларини жорий этиш, шунингдек талаб этилаётган ҳужжатлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва тўлов жараёнини соддалаштириш юзасидан топшириқлар берилди.

Натижада жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб харажатлар сметаси бўйича бўш турган (иқтисод қилинган) маблағлар ҳисобидан нафақаларни тўлайдиган бюджет ташкилотлари бюджет маблағларининг бош тақсимловчилари ва молия органлари билан келишмаган ҳолда, «UzАSBО» (Ўзбекистон бюджет ташкилотларининг автоматлаштирилган тизими) дастурий мажмуасига мустақил равишда ўзгартириш киритиш орқали ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш имкониятига эга бўлади.

Бунда нафақани бирйўла тўлаш имкониятига эга бўлмаган (харажатлар сметаси бўйича иқтисод қилинган маблағи мавжуд бўлмаган) бюджет ташкилотлари учун қўшимча маблағга талабнома бериш жараёни «UzАSBО» дастурий мажмуаси орқали автоматлаштирилади ҳамда қоғозсиз ва тўғридан-тўғри мулоқотсиз шаклга ўтказилади.

Шунингдек, қўшимча ҳужжатларни (яшаш жойидан маълумотнома, никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома, меҳнат дафтарчаси ва паспортнинг нусхаларини) тақдим этиш бўйича талаб бекор қилиниб, ўрнатилган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида тўловлар амалга оширилади.

Электрон тарзда талабномаларни тақдим этиш жараёнини жорий этиш бюджет ташкилотларининг (қоғоз ва почта) харажатларини қисқартириш имконини беради ҳамда ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ўз вақтида тўланишини таъминлайди.

Мазкур механизм 2018 йил 1 апрелдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг