Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Банк, суд ва ҳокимлик ўртасидаги ўйин зангиоталик боғбонларни хонавайрон қилмоқда (видео)

Банк, суд ва ҳокимлик ўртасидаги ўйин зангиоталик боғбонларни хонавайрон қилмоқда (видео)

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» таҳририяти фаолият бошлангандан буён деярли ҳар куни турли мавзуларда мурожаатлар қабул қилади. Шу кунга қадар уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди, аммо ечимини кутаётганлари ҳам кўп.

...Таҳририят эшигини тақиллатган навбатдаги мурожаатчилар зангиоталик фермерлар бўлди. Уларнинг сўзларини диққат билан тинглагач, муаммони жойига чиқиб ўрганиш ва атрофлича ёритишга қарор қилдик.

Хонавайрон бўлаётган боғбонлар

2016 йилда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳокимлиги ўз захирасида турган 86 гектар узумзорни тендер асосида 26 та фермер хўжалигига тақсимлаб, ўзаро шартнома тузади. Айтишларича, бу ташаббус шахсан Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган — бир неча йил давомида қаровсиз қолган узумзорни оптималлаштириш ва обод қилиш учун эгасига — боғбонларга топшириш вазифа қилиб қўйилган. Ана шу вазифадан келиб чиқиб, ҳар бир фермер ўзига ажратилган ер учун ижара ҳақи, солиқларни тўлагач, ерга бор маблағ ва меҳнатини аямади.

Биринчи йили ҳосил кўнгилдагидек бўлмаслиги равшан эди: қаровсиз қолган узумзорнинг яна ўз ҳолига қайтиши учун бир йил керак бўлди. Иккинчи йили эса фермерларни бугунга қадар қийнаб келаётган муаммо бўй кўрсатди — узумзорнинг янги эгалари пайдо бўлди. «Туронбанк» акциядорлик тижорат банкининг Ҳамза (ҳозирги Яшнобод) тумани филиали вакиллари қўлидаги жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди чиқарган қарорни дастак қилиб, ер аслида уларга тегишли эканини даъво қилмоқда. Фермерлар эса ҳайрон — ахир уларнинг қўлида ҳокимлик билан нақ 49 йилга тузилган шартнома, кадастр ҳужжатлари бўлса, бундан ташқари, ҳар йили ижара, солиқ, боққа ишлов бериш учун миллион-миллион харажат қилинаётган бўлса-ю, энди ҳосилини оламан деганда янги хўжайинлар пайдо бўлса? Банк вакиллари фермерларни ўзига қонунан тегишли узумзордан ҳайдаб чиқаришгача боргач, уларнинг бош уриб бормаган идораси, мурожаат қилмаган ташкилоти қолмади. Аммо ҳокимликдан тортиб, катта-кичик ташкилотларгача қилинган шикояту мурожаатлар бугунга қадар наф бергани йўқ.

Боғнинг эгаси ким?

Фермерлар олгунга қадар бу улкан узумзор Зангиота тумани ҳокимлиги захирасида бўлган. Боғбонлар бу ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани йўқ — ҳаммаси қонуний, тендер асосида қўлга киритилган. Уларнинг қўлидаги боққа оид барча ҳужжатлар айнан ҳокимлик томонидан берилган. Демакки, боғнинг эгаси — ҳокимлик. Унда «Туронбанк»нинг қўлидаги ҳужжат қаердан келди?

Ноқонуний гаров шартномаси

Зангиоталик боғбон Абдураҳмон Нурмуҳамедов оила аъзолари билан узумзор ташкил этиб, эллик йилга яқин ана шу ерда меҳнат қилди. У ташкил этган «Narmuhammad Abdurahmon» фермер хўжалиги майдони 83 гектардан ошди. Боғ гул-гул яшнади. Ҳосил ҳам шунга яраша мўл-кўл бўлди. Уста боғбонга эргашганлар, узумчиликнинг сирини ўрганаман деганлар ҳам, «ҳамкорликда ишлайлик» деган тадбиркорлар ҳам кўп бўлди.

2012 йилда Абдураҳмон ота анча кексайган эди, устига-устак бўйни ва кўкрагига чиққан ўсимта туфайли бутунлай ҳолдан толди. Алал-оқибат бир яқин танишининг тавсиясига кўра ака-ука Холмурод ва Шавкат Хуррамовлар билан ҳамкорлик қилишга, аниқроғи ўзига ёрдамчи қилиб олишга рози бўлди. Кўринишидан мўмин-қобил ака-укаларнинг «холис хизмати» узум пишгунча давом этди — Хуррамовлар узумни четга сотишини айтиб, ҳосилни йиғиштириб олиб кетди-ю, шу билан анча пайтга йўқ бўлди. Орадан бир неча йил ўтиб, Абдураҳмон отага «ҳожатбарор ёрдамчилар» ортидан хат келади. Хатда «шоввозлар» банкдан оз эмас, кўп эмас — нақ бир миллиард етти юз эллик миллион сўм кредит олгани, бу кредитга «Narmuhammad Abdurahmon» фермер хўжалигидаги узумзор гаров сифатида келтирилгани айтилган эди. Бу воқеадан ва олинган пуллардан бехабар Абдураҳмон ота ҳайратдан ёқа ушлайди.

Қатор ташкилотларга қилинган мурожаатлардан сўнг адолат қарор топгандек бўлади — Хадича Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази хулосасига кўра кредит олиш учун тиркалган гаров шартномаси сохта ҳужжатлар билан тузилгани ва қалбаки экани фош бўлади.  Шу асосда Ўзбекистон Олий судининг 2015 йил 14 декабрдаги қарори билан Зангиота туман 3-давлат нотариал идораси томонидан тасдиқланган ушбу гаров шартномаси ҳақиқий эмас деб топилади. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди қарори билан фирибгарларга жазо ҳам тайинланади.

Олий хўжалик судининг «сариқ чақалик» қарори

Аслида бу можаролар Олий хўжалик судининг шу қарори билан ўз якунига етадигандек эди. Ахир «ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ» деб ёзиб қўйилган Олий хўжалик суди қарорига ким ҳам эътироз билдириши мумкин? Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади.

2016 йилнинг 15 июль куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди банкнинг фойдасига ҳукм чиқаради. Абдураҳмон отанинг қатор ташкилотларга ёзган мурожаатида айтилишича, суд жараёнларининг барчаси унинг иштирокисиз ўтказилган. Барчаси сохта далиллар, сохта гувоҳлар асосида амалга оширилган. Гўёки банкдан олинган пулларнинг 700 миллион сўми боғбоннинг чўнтагига, қолган 900 миллиони эса агротехника ишларига, иш ҳақи, менерал ўғит, симлар ва бошқа-бошқа нарсаларга сарфланган. Афсуски, кекса боғбон бу гапларнинг барчаси туҳмат эканини айтиб қилган мурожаатларининг барчаси жавобсиз қолди. Давлат экспертиза хулосаси, Олий суд қарори билан ҳеч ким ҳисоблашмади. Бўлиб ўтган ишларни ўрганиш ва адолатли ҳукм чиқариш ё ҳеч кимнинг хаёлига келмади, ё буни исташмади.

Ҳокимликнинг мақсади нима?

Биз мавзуни ўрганиш жараёнида «Туронбанк» нинг Ҳамза тумани филиали юристлари билан учрашдик, аммо улардан бу ҳақда изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Бу кредитлар тарихи ҳақида алоҳида мақола тайёрлашни режалаштириб, банк вакилларини ортиқ безовта қилмасликка қарор қилдик. Ўта шубҳали бу кредит тарихи алоҳида бир мақолага жой бўлиши аниқ.

Шу ўринда туман ҳокимлигига кўплаб саволлар туғилди: наҳотки улар узумзорни ажратаётган пайтда унинг гаровда, яъни тақиқда эканини билмаган? Ёки била туриб, қаровсиз қолган узумзорни шу йўл билан тикламоқчи бўлишдими? Қизиғи, фермерлар билан тузилган шартнома орадан атиги бир неча ой ўтиб (!), 2016 йилнинг кузидаёқ туман прокуратурасининг протестига асосан ҳокимликнинг қарори билан бекор қилинган. Аммо бу ҳақда бирор фермерга на оғзаки, на ёзма огоҳлантириш берилган. Нима учун? Икки йил давомида катта умидлар билан бор-будини сарфлаб, совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай узумзорда меҳнат қилса-ю, энди оғзим ошга етди деганда барчаси сароб бўлиб чиқса, оддий деҳқон учун бундан ортиқ ҳақорат, бундан ортиқ адолатсизлик бўлиши мумкинми?

Шартномаси бекор бўлганидан бехабар бу одамлар шу икки йил ичида ўзларини фермер ҳисоблаб, ҳокимлик чизган чизиқдан чиқмади — металлом топшириш, пахтага чиқиш, ободонлаштириш ишлари — барча-барчасини тўла-тўкис адо этди. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарияти бугунга қадар фермер хўжалиги учун катта миқдорда солиқ тўлаб келмоқда. Агар ер суд қарори билан банк ҳисобига ўтадиган бўлса, етказилган катта миқдордаги моддий ва маънавий зарарни ким қоплайди? Банкми, судми ё ҳокимликми? Президентнинг «ҳар бир одамга адолат қилинг» деган даъватига жавоб шуми?

Ушбу масала бўйича Зангиота туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Хўжааҳмедов билан учрашдик.

— Мен бу лавозимга келганимга энди олти ой бўлди. Ундан олдин бўлган ишларга жавоб беришга мажбур эмасман, — деди Сирожиддин Хўжааҳмедов.

— Унда фермерларни ким ҳимоя қилади?

— Қайси фермерлар? Бу одамлар фермер эмас. Уларнинг шартномаси икки йил олдин бекор бўлган.

— Бу ҳақда улар огоҳлантирилганми?

— Ҳокимлик бунга мажбур эмас. Бекор бўлгандан сўнг улар автоматик равишда хат олган бўлиши керак. Биз қонунга мувофиқ иш кўрамиз.

Ҳоким ўринбосари билан суҳбатлаша туриб, бу муаммони ҳокимликнинг бу амалдорлари билан ҳал этиб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Ахир ундан олдинги раҳбар ҳокимлик номидан иш кўрган эмасми? «Мен янгиман, бу айб олдинги раҳбарларники» дейиш жавобгарликдан,  муаммони ҳал этишдан озод эта оладими? Яхшики, шу одамнинг ўзи уларни фермер бўлишга тарғиб қилган, ўша пайтларда ҳудуд раҳбари бўлиб ишлаган, акс ҳолда «сизлар кимсизлар ўзи?» дейиши ҳам ҳеч гап эмасди...

Мавзуни ўрганиш чоғида фермер хўжалиги узумзорларини кўздан кечирдик. Боғбонлар қўли теккан жойлар гуллаб, яшнаб турибди. Аммо банк эгалик қилаётган 20 гектарга яқин ҳудуд бутунлай қаровсиз аҳволда. Агар бу жойлар боғбонлардан тортиб олингудек бўлса, узумзорнинг қандай ҳолатга тушишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Дарвоқе, яна бироз вақтдан сўнг узумлар пишиб етилади. Агар муаммо зудлик билан ҳал этилмаса, ҳосил вақти «Туронбанк», Зангиота туман ҳокимлиги ва боғбон-фермерлар ўртасида катта можаро келиб чиқиши эҳтимоли жуда юқори. Шу боис мутасаддилар ушбу муаммога эътибор қаратиб, яқин вақт ичида ҳал этишидан умидвормиз.

Мавзуга яна қайтамиз.

Аҳмад Юсупов, Фаррух Алиев,
«Xabar.uz» мухбирлари

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг