Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Байрам баҳона таксичиларнинг «кетмони учди»

Байрам баҳона таксичиларнинг «кетмони учди»

Фото: «Спутник»

Юртимиз бўйлаб байрам нафаси кезиб юрибди. Одамларнинг қалбида байрам нашидаси, хурсандчиликлар давом этмоқда. Наврўзни ҳар биримиз ўзгача завқу шавқ билан нишонладик. Чунки беш кун дам олиш кунлари берилди. Қулайлик бўлсин деб самолёту поездлар чипталари арзонлаштирилди. Пойтахтда ишлаётганларнинг кўпчилиги ўзи туғилиб-ўсган заминга бориб-келиши, яқинларининг ҳолидан хабар олиши учун имконият яратилди. Демак, кимнингдир оиласида байрам устига байрам бўлди. Наврўз узоқлашиб кетган дилларни бир-бирига боғлади. Меҳр ва илиқлик улашди. Саховатини дариғ тутмади.

Аммо чегирмали чипталарга «етолмаган» одамларнинг таксичилару автобус ҳайдовчиларидан кўнгли қолди. Хуллас, 18 мартдан 22 мартгача таксичилар «Келди очилур чоғинг» қабилида иш тутдилар. Йўлкира нархи сунъий равишда оширилди. Масалан, Навоий вилоятига — 70 минг сўм (аввал 50 минг бўлган),  Қашқадарё вилоятига — 70-80 минг сўм (аввал 40 минг сўм бўлган), Сурхондарё вилоятига — 120-150 минг сўм (аввал 60 минг сўм бўлган). Ўйлаб кўрсангиз, самолётга чипта ҳам бундан арзон тушаркан.

Автобусларни айтмайсизми, талабаларга жуда қийин бўлди, айниқса. Навоий вилоятига йўлкира ҳақи 70 минг сўм деб турган ҳайдовчига талаба ялинаяпти:

— Ака, пулим камроқ эди, бир амаллаб тик туриб бўлса ҳам етиб оламан. 60 мингга олиб кетинг.

Бундай ҳолатни кўриб ачинасиз. Меҳрибонлик, хайру саховат, бағрикенглик, қадр байрамида қилинадиган ишми шу?

Аслида бу байрам одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик, хотиржамлик, бир-бирини авайлаб-асраш, елкадош бўлиш каби улуғ туйғулар юракда жўш уриши учун имконият яратадиган айём эмасмиди?

Ҳа, яна бир гап. «Таксичилар ҳам одам, шу куни ишлаб олмаса қачон ишлаб олади яна?» дейдиганлар ҳам бор орамизда. Тўғри, улар ҳам яшаши, ишлаб олиши керак. Аммо ўн бармоғини оғзига тиқиб эмас, инсоф билан ишласа ҳам бўлади-ку! Улар даромадидан солиқ тўлашармикан? Ўзи бундай кунларда нарх-навони кимдир назорат қилиши керак эмасми? Мутасаддилар қаерга қарашди? Саволлар кўп.

Бизнинг эса «ҳар баҳорда шу бўлар такрор» дегимиз келмайди.

Дилфуза Эргашева

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг