Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Биринчи партанинг нархи қанча?

Биринчи партанинг нархи қанча?

Иллюстратив сурат

Қайсидир туманда Корея давлати билан ҳамкорликда инновацион боғча очилгани ҳақидаги хабарга кўзим тушади. Бирдан хаёлимга «иложи»ни қилиб болаларимни шу боғчага жойласаммикан, деган фикр келади. Бироқ дарҳол ўзимни қўлга олишга тиришаман: йўғ-а, нималар деяпман? Ахир мен коррупцияга  тиш-тирноғи билан қаршилик қилишга ўтаётган одамман-ку?! Лекин мия қурғур коррупциясиз бинойидек ҳаёт кечириш мумкинлигини қабул қилмай одамни қон қилади, денг...

Иккинчи синфида ўқийдиган қизимни мактабдан олиш учун йўлга тушаман. Йўл-йўлакай «Қўйлиқ Ота» маҳалласининг қоқ ўртасидаги йўлни тузатишга келган йўлсозлар 300 метрча ерни теп-текис қилиб, 10 қадамча жойни шундоғича қолдириб кетишганига кўзим тушади. «Ҳай, маҳалла раисими ёки шу кўп қаватли уйда яшовчиларми, хуллас, кимдир йўлсозларнинг чўнтагига бир-икки сўм солиб қўймабди-да! Ўшанда шу бир қатим жой туянинг ўркачидай бўлиб турмасмиди?!» Бу ўй ҳам миямга беихтиёр келади. Чунки ўқувчилик пайтим катта кўчамизни асфалть қилаётган йўлсозларни уйига чақириб, едириб-ичириб, камига чўнтагига бир-икки сўм солиб, яғир тупроғи ўйнаб турган ҳовлисини арчилган тухумдай силлиқ қилдириб олган қўшнимизни кўзим билан кўрганман-да.

Мактабга етиб келаман. Синф эшиги олдида тўпланиб турган оналар ниманидир қизғин муҳокама қилишади.

— Нега менинг ўғлимни биринчи партага ўтирғизмайди унда? — дейди қорачадан келган аёл бўғилиб. Сўнг доим биринчи партада ўтирадиган болани ёнига чақиради:

— Синфдошларинг ҳар ҳафта жой алмашади болам, сен нимага биринчи партадан қимирламайсан? Ёки кўзойнак тақасанми, қулоғинг яхши эшитмайдими?

Болакай аёлнинг пичингини тушунмайди. Кўзларини пирпиратиб: «Дадам тўрт йилга биринчи партани сотиб олган. Шунинг учун жойимни алмашмайман», дейди...

Турган жойимда қотиб қоламан. Ана, нуқул «иложини қилиш» бекорга миямга келмас экан-да. Ахир мактабдаги биринчи партага ўтириш ҳам «узатиш» керак экан. Эссиз, нега аввалроқ билмадим, қизимнинг бўйи кичкина. Биринчи партада ўтирса яхши-да! Йўғ-а, миядагиларни қувиб чиқаришим керак: ахир, мен коррупцияга қаршиман!

Учинчи фарзандим туғилишидан олдин кўрикдан ўтказаётган гинеколог шунча кўзини лўқ қилсаям бир сўм узатмайман, иккинчи сафар келганимда қарамайдиям, текширгисиям келмайди. Болам туғилгандан кейин уни кўрикдан ўтказиб турадиган болалар шифокорининг чўнтагига ҳам бир нима солиб қўймайман. Кейинги сафар «асалим-шакарим» демасдан, силтаб-силтаб боламни кўриб қўяди. Олдингидек боғча опанинг чўнтагига ҳам чой ичарсиз деб бир-икки сўм солиб қўймайман. Куни бўйи боламни уришиб жеркишини билсам ҳам.

Туғруқхонада суюнчи пулию бошқа перейскурантда йўқ «узат-узатлар»ни бермаганим учун қилинган қўпол муомалаларга ҳам эътибор бермайман. Миямни «иложини қилиб» иш битириш фикридан буткул тозалашга уринаман. Чунки мен коррупцияга қаршиман, ҳеч кимга пора бермайман: ишим бугун битмаса эртага, эртага битмаса индин... йўқ, бир ой, эҳтимол бир йилда битар?

Битармикан?

Саида Рустам қизи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг