Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев: Боғча тарбиячиларининг савияси болалар келажаги учун жуда муҳим

Шавкат Мирзиёев: Боғча тарбиячиларининг савияси болалар келажаги учун жуда муҳим

Шавкат Мирзиёев Чимбойдаги боғчалардан бирида

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюргани ҳақида аввал хабар берилган эди. Президент ташрифини Чимбой туманидаги 8-сонли мактабгача таълим муассасасидан бошлади.

Мазкур боғча 140 ўринга мўлжалланган бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган. 37 нафар педагог ва тарбиячи уларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда, дейилади ЎзА хабарида.

Давлат раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, тарбияланувчиларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклади.

— Мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратаётганимиз бежиз эмас, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ёшлар тарбиясига бугундан эътибор бермасак, эртага кеч бўлиши мумкин.

Президент болаларнинг овқатланиш рациони билан қизиқди.

— Мактабгача таълим муассасаларини Қорақалпоғистоннинг иқлим шароитидан келиб чиқиб қуриш керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ҳар бир хонани иситиладиган пол билан таъминлаш зарур. Бундан ташқари, бу соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш лозим. Бунинг учун олий таълим муассасалари қошида махсус курслар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Тарбиячилар савияси болалар келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.

Шавкат Мирзиёев янги қурилаётган боғчалар лойиҳасини тайёрлашда Жанубий Корея тажрибасини татбиқ қилиш лозимлигини қайд этди.

Бундай иншоотларни эскича руҳдаги лойиҳалар асосида қуриш ўзини оқламаяпти. Болаларнинг ётоқхоналари ва дарсхоналарини кенг ва ёруғ қилиб бунёд қилишимиз, маъмурий хоналарни ихчамлаштиришимиз керак, — деди Президент.

Шу ерда 50, 100, 150 ўринли мактабгача таълим муассасаларининг намунавий лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди. Янги лойиҳаларда мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш каби маълумотлар ўз ифодасини топди.

Президент педагогика коллежини тугатган ёшларни қайта тайёрлов курсларига жалб қилиб, уларни мактабгача таълим муассасаларига ишга қабул қилиш бўйича топшириқ берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг