Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош прокуратура «GM Uzbekistan»ни тафтиш қилди (видео)

Бош прокуратура «GM Uzbekistan»ни тафтиш қилди (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2018 йилнинг ўтган даври давомида автотранспорт воситаларини автосалонлардан ноқонуний равишда олиб чиқиб бериш, расмийлаштириш билан боғлиқ коррупция, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатлар бўйича жами 45 та жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланган ушбу жиноят ишларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Жиззах вилоятларида 1 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 2 тадан, Андижон ва Хоразм вилоятларида 3 та, Фарғонада 4 та, Тошкент шаҳрида 11 та, Бухоро вилоятида 12 та шундай ҳолатлар рўй бергани кузатилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Рақамлардан англаш мумкинки, бу борадаги қинғирликларда бухоролик ва пойтахтлик қўштирноқ ичидаги “шоввозлар” етакчилик қилмоқда. 2018 йил 17 май куни Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Фуқаро Суҳроб Баротов томонидан Умида Бўстоновага Бухоро шаҳридаги автосалонларда юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали “Каптива” русумли автомашинани тез орада олиб бераман дея ваъда берилади. Хизмат эвазига эса Суҳроб Баротов 1500 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланди.

Ана шундай яна бир фирибгарлик холатига департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан чек қўйилди.

Хонқа тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи фуқаронинг қилган мурожаатида кўрсатилишича, Урганч шаҳрида яшовчи, “Хоразмавтосавдо” МЧЖда ишлайдиган Азамат исмли шахс “Дамас” русумли автомашина сотиб олиш шартномаси учун ундан 1100 АҚШ доллари талаб қилган. Фуқаронинг аризаси юзасидан 2018 йил 25 август куни тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаро Азамат Юсупов фирибгарлик йўли билан 1100 АҚШ долларини олган вазиятда ашёвий далиллар билан ушланди.

Департаментнинг Тошкент шаҳар Шайхонтохур туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Чилонзор туманида жойлашган АВТОТЕХХИЗМАТ МЧЖ мухандиси Зохидов танишлари орқали фуқаро Асановага Юнусобод туманида жойлашган ХУМО автосалонидан ЛАСЕТТИ ЖЕНТРА русумидаги авто машинани сотиб олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 900 АҚШ долларини 17-шаҳар клиник шифохонаси олдида олаётган пайтда қўлга олинди. Лекин Зохидов ўз кўрсатмасида бу маблағнинг 700 АҚШ долларини АВТОТЕХХИЗМАТ экспедитори Назаровга беришини маълум қилди. Шунга мувофиқ ўтказилган тезкор ҳаракатлар давомида Низомий Давлат педагогика Университети атрофида Назаров Зохидовдан ушбу маблағни олаётган вақтда департамент ходимлари томонидан қўлга олинди.

Юқорида келтирилган товламачи ва фирибгарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси сизда машина сотиб олишда коррупция билан боғлиқ муаммолар бўлса 10-07 ёки Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг 233-10-07 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишингизни сўрайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг