Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқмоқда

Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқмоқда

Бугун ҳар икки суҳбатдошнинг мавзуси ҳудудларда Бош вазир қабулхонаси очилгани хусусида. Давлат хизматлари марказлари биноларида иш бошлаган қабулхона Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида ташкил этилди. Маълумотларга кўра, Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси биносида фаолиятини бошлаган Ўзбекистон РеспубликасиБош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш вилоят қабулхонасига тадбиркорлардан 140 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Айни кунда мазкур фармон мазмун-моҳияти жамоатчилик диққат эътиборида. Тадбиркорларнинг қабулхонадан кети узилмаяпти.

Навбаҳорлик фуқаро Бахтиёр Тоғаев аввал «Абдуҳаким Олимжон» фермер хўжалиги раҳбари бўлган. Жорий йилнинг 16 апрелида Навбаҳор тумани ҳокимининг биргина қарори билан ҳам фермерлиги ҳам боғдорчилик билан шуғулланиш учун унга ажратилган 10 гектар еридан мосуво бўлган. Бахтиёр Тоғаев айтишича, Навбаҳор тумани ҳокимининг бундай қарор чиқаришига тумандаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш инспекцияси киритган протести сабаб бўлган.

 Фуқаро Мавжуда Очилова Навоий шаҳридаги ҳунарманд аёллардан бири. У қўл ишида тикилган кўрпа тўшаклари билан вилоятда ўз бизнесига эга бўлган ягона ҳунарманддир.Тадбиркорнинг бирдан бир истаги келажак авлодга момомерос ҳунарини қолдириш. Ишбилармон аёл бизнес режаси асосида ўқув маркази очиш учун Навоий шаҳридан ер жой олди. Банк кредит маблағини ҳам ажратди. Шу кунларда марказда хотин-қизлар ўқишга балки, қатнаётган ҳам бўларди. Биргина, шаҳар ҳокими қароридаги чалкашликлар туфайли банк тадбиркорга кредит маблағини беролмаслигини билдирган.

Ташкил этилганига эндигина 13 кун бўлган қабулхонада Мавжуда Очилова сингари тадбиркорларнинг 140 нафари оилавий бизнеси, тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ булаётган муаммоларининг ечимига умидвор. Ҳа, шундай. Бугун одамларнинг, айниқса, тадбиркорларнинг мазкур қабулхона фаолиятига ишончи катта. Ўз ўрнида, Юртбошимиз ғоясида иш бошлаган тизим ҳам фармон мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш учун тарғибот ишларини бошлаб юборган. ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорлар учун ташкил этилаётган ўқувлардан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсади кўзланган.

Хуллас, тадбиркор ишлайдиган замон келди. Фақат аниқ молиявий ҳисоб-китоб, бозорни ўрганиш ҳамда кучли истаг-у шижаот бўлса бас. Чунки, аввалгидай одамлар бизнес қилишдан чўчимайди. Боиси, тадбиркорнинг кучли ҳуқуқий ҳимояси бор. Мазкур фармон ҳам худди шундай катта кучга эга бўлиб, бутун бир тизим тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилади.

Баҳодир ТОШЕВ,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг