Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бўшнинг иши бўш бўлади, қаровсизлик ярашмайди

Бўшнинг иши бўш бўлади, қаровсизлик ярашмайди

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Республика ишчи гуруҳи Наманган вилояти Норин туманида бўш турган, қаровсиз қолган биноларни ҳам ўрганмоқда, уларни ишлатиш ва аҳолига манфаати тегиши борасида аниқ чораларни кўрмоқда.

Жумладан, Тошлоқ маҳалласи Мустақиллик кўчасида жойлашган собиқ маданият саройи (умумий майдони 420 м2) биносидан 2009 йилдан буён фойдаланилмаяпти.

Туман кадастр хизмати маълумотига кўра, мазкур бино спорт-соғломлаштириш мақсадида фойдаланиш учун фуқаро Б.Убайдуллаевга берилган. Б.Убайдуллаев 2017 йили вафот этган. Бино кадастр идораси томонидан давлат рўйхатига олинмаган. Ушбу бинода ишлаб чиқариш цехини ташкил этиш учун тадбиркорларга тақдим этиш таклиф этилди.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Сузоқовул маҳалласидаги Юқорисузоқ кўчасида жойлашган 4 хонадан иборат собиқ масжид биносидан 1999 йилдан буён фойдаланилмаяпти. Бино маҳалла аҳолиси томонидан ҳашар йўли билан қурилган ҳамда 1993 йилдан 1999 йилгача масжид вазифасини ўтаган. Аммо замонавий масжиднинг ҳеч бир талабига жавоб бермайди. 2 та хонасидан охирги 5 йил давомида савдо дўкони сифатида фойдаланилган. Айни пайтда ташландиқ ҳолга келиб қолган.

Туман кадастр хизмати маълумотига кўра, мазкур бино Сузоқовул маҳалласи балансида, аммо кадастр идораси томонидан давлат рўйхатига олинмаган. Ушбу бинода ишлаб чиқариш цехини ёки болалар учун шундоқ ҳам етишмаётган хусусий боғчани ташкил этиш учун тадбиркорларга тақдим этилди.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Шоҳидон маҳалласининг Пахтазор кўчасида жойлашган 2 та хона ва айвончадан иборат собиқ масжид биноси ва 5 сотихдан иборат ер майдонидан 1999 йилдан буён фойдаланилмаяпти. Бино маҳалла аҳолиси томонидан ҳашар йўли билан қурилган ва масжид учун ҳеч қандай қулайликка эга эмас. Режасиз қад ростлаган бино олдида трансформатор қурилган.

Туман кадастр хизмати маълумотига кўра, мазкур бино Шоҳидон маҳалласи балансида, аммо кадастр идораси томонидан давлат рўйхатига олинмаган.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Ушбу бинода ишлаб чиқариш цехини ёки хусусий боғчани ташкил этиш учун тадбиркорларга тақдим этиш таклиф этилди. Ўрганишларда Пахтазор кўчаси 66-уйда яшовчи хусусий тадбиркор Б.Мамажонова мазкур бинони хусусий боғча ташкил этиш учун олиш таклифини билдирди. Чунки ҳозир маҳалла ёшлари 4-5 километр олисдаги боғчага қатнамоқда.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Қўшчек маҳалласидаги Зебо Холиқова кўчасида жойлашган Норин педагогика коллежи ахборот ресурс марказига қарашли 2-филиал биноси 2013 йилдан буён бўш турибди. Аниқланишича, собиқ шийпон ўрнида ташкил этилган кутубхонада 2006 — 2013-йилларда 6528 дона китоб фонди бўлган. Ҳозир эса 1 та ҳам китоб мавжуд эмас.

Ўрганишларда 2 хонали ушбу бинонинг дераза ойналари синганлиги, деворлари таъмирталаб ҳолатга келганлиги, томининг 17 та шифери учиб кетганлиги маълум бўлди. Туман кадастр хизмати маълумотига кўра, мазкур бино ҳеч кимнинг балансида бўлмаган, туман ҳокимининг 2018 йил 19 июндаги 817-қарори билан «Марғизор» МФЙ биносининг бир қисми сифатида расмийлаштирилган.

Унда маҳалла кутубхонасини ёки китоб дўконини ташкил қилиш тавсия этилди.

Фото: Лазиз Раҳматов / «Xabar.uz»

Албатта, кўплаб тадбиркорлар ер ва жой сўраб мурожаат қилмоқда. Аммо уларнинг талабини қондириш учун шу вақтгача мазкур объектларни тақдим этиш масаласи ўрганиб чиқилмаган. Чунки на сектор раҳбарлари, на туман ҳокимлиги, на бошқа мутасаддилар бу иш билан жиддий шуғулланган.

Лазиз Раҳматов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг