Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Буюк алломалардан «фокусчи» ясамайлик

Буюк алломалардан «фокусчи» ясамайлик

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Шунчалик авлиёмисан? Ҳавода муаллақ турган «аллома»нинг Имом ал-Бухорий эканлигини қаердан биласан? Пешанасига ёзиб қўйибдими, деб иддао қилманг. Ҳар ҳолда тарихдан хабари бор юртдошимнинг кўз олдига орқа фонда Бухоро минораси, қўлида Тафсири Ирфон (Қуръон шарҳи), қўлида ҳасса тутган оппоқ саллали, оппоқ соқолли алломанинг кўринишида Насриддин афанди эмас, айнан Имом Ал-Бухорий сиймоси намоён бўлиши аниқ.  

Очиғи, туризм саноатида аллақачон эскиликка айланган, энсани қотирадиган кўча масхарабозлари —эскилик «инновация»сидан «учар дарвеш» ясадик. 

Ҳа энди дарров танқид қилмайлик, ҳаракат бор дедик. Кейин оддий дарвешдан алломаларга ўтдик.

Шахсий манфаатимиз кундузи автомобиль чироқларини ёқишга қарши курашдигу, ислом маърифати, буюк тарихимиз ҳурмати «Человек паук»ка айлантирилган буюк алломалар тарғиботи борасида лом-мим демадик. Бу тенденция борган сари оммалашиб бораверди. Ўтган йилларда бошлаган бу «учар алломалар» тарғиботи 2019 йилга келиб янада оммалашди.

Яқинда Сурхондарёда ўтказилган Халқаро бахшичилик фестивалида сайёҳлар «ҳурмати» учун яна Ал-Бухорий экспонати ҳассада туриб берди.   

Мақсад нима? Хорижий сайёҳларни ҳайратлантиришми?

«Кичик ҳаж» сайёҳлик шиори билан Ўзбекистонга келаётган ва халқаро М-37 йўли четида биоҳожатхона тополмай, саксовулларни «суғораётган» жануби-шарқий осиёликлар учун аввал қулай шароитлар яратиб қўяйлик. Уларни «муаллақ алломалар» билан эмас, чўл ўртасида иссиқ сув, совуқ сув билан ҳайратлантирайлик.

Қозоғистондаги «Олтин одам» тарихий экспонатининг кўчма намойиши дунё бўйлаб миллиардлаб фойда, сайёҳларни эргаштириб келаётганидан ибрат олайлик. «Олтин одам» тарихий ёдгорлиги эҳтимол миллионлаб тарихчилар учун қизиқдир, аммо Хастимомдаги Қуръони Каримнинг Ҳазрати Усмон Мусҳафи қарийб 1,5 миллиард мусулмонлар учун орзу.

Биз 2025 йилгача Ўзбекистонда саёҳлар сонини 9 миллионга етказишни мўлжалладик. Ҳеч бўлмаганда, 2020 йилнинг ўзида 10 миллион мусулмон сайёҳ Қуръондаги халифа Усмоннинг муборак қонларини кўриб ҳайратлансин. 

Диний қадамжолардан бирида юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Одамларимиз Ал-Бухорий зиёратига боришади. Аммо аксарияти нима учун бораётганини билмайди. Тўғри дуо қилишни билмайди» деган фикрини таҳлил қилайлик. Бугун муқаддас қадамжолардан руҳий таскин эмас, қўлида пичоқ билан товуқ кўтариб «кушхона»га чопаётган, қабрлардан нажот сўраб Аллоҳнинг қаҳрига учраётган баъзи юртдошларимиз, жазавага тушаётган тиланчилардан уялайлик. 

Хабарингиз бор, БМТ минбарида Ўзбекистон томонидан Имом ал-Бухорий номи янгради. Ушбу ном билан 23 та араб давлати ҳам фахрланишини, улар Қуръон тилида гаплашсада, айримлари Муҳаммад алайҳиссалом дафн этилган юртда яшашса-да, аммо Қуръондан кейинги муқаддас китоб муаллифига бешик бўлган Ўзбекистонга ҳавас қилишини ўйлайлик.

Бир пайтлар Ал-Бухорийнинг пахта даласидаги хароба мақбарасидан ранжиган, мақбарани ўз юртига олиб кетиш эвазига мақбара оғирлигига тенг олтин ваъда қилиб йиғлаган Индонезия президенти иймони ҳурмати «кичик ҳаж» дея келаётган индонезиялик, малайзиялик, сингапурликлар олдида хижолат бўлмайлик.

Хулоса ўрнида. Ривоятда келишича, имом Бухорий бир кишида ҳадис борлигини эшитиб, узоқ йўл юриб, уни топиб борганлар. Қарасалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга унда ем бор қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий: «Ҳайвонни алдашга журъат қилган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб ортларига қайтган эканлар.

Мана шундай улуғ зот кийган яктаги ичидан ўтказилган темирда муаллақ туриб «томоша кўрсатиши» мумкинми?

Насиб этса, 2020 йилда «Ислом маданиятининг пойтахти» унвони бериладиган Бухорои Шарифда буюк муҳаддис аллома Имом Бухорийдек зотни камситиб калака қилмайлик, ислом маърифати, буюк тарихимизга туҳмат қилиб қўймайлик.

                                                                                     Жонибек Шуҳратов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг