Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cамарқанддаги «нефть» оқаётган ариққа мутасаддилар эътибори тушди

Cамарқанддаги «нефть» оқаётган ариққа мутасаддилар эътибори тушди

Фото: Экология қўмитаси

«Xabar.uz» порталида «Cамарқанддаги чашма ариғида «нефть» оқмоқда» мақоласи эълон қилинган эди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ушбу мақолага ўз муносабатини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Самарқанд вилоятидаги бошқармаси томонидан «Cамарқанддаги чашма ариғида «нефть» оқмоқда» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада кўрсатилган ҳудуд жойида кўздан кечирилиб, қуйидагилар ўрганилди.

Баён этилган Самарқанд шаҳар ҳудудидан ўтувчи Чашма ариғи эмас, балки шаҳарнинг «Ёминий», «Зоминий», «Даризанжир» ва «Фидойилар» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Шаар» коллектори эканлиги аниқланди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг 2018 йил 10 августдаги йиғилиш баёнининг қарори билан Самарқанд шаҳрининг гидромелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича комиссия тузилиб, шаҳар ҳудудидан ўтувчи «Жарариқ», «Боғишамол», «Шаар» каналлари ҳамда «Чашма», «Сиёбча», «Оби Машъат» ва «Сиёб марказий» коллекторларини мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш, ўзанларни қазиш, чиқиндилардан тозалаш ва бунда, энг аввало, канал ва коллекторлар ёқаларидаги мавжуд ноқонуний қурилишларни бартараф этиш борасида ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланиб, улар томонидан амалга ошириладиган тадбирлар белгиланиб олинган.

Фото: Экология қўмитаси

Ҳозирги кунда мазкур ҳудуддан оқиб ўтувчи «Шаар» канали ёқасига маҳалла томонидан чиқиндиларни ташламаслик, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича «Мароқанд обод» ДУК билан шартнома тузиш ишлари олиб борилмоқда. Самарқанд шаҳрининг «Ёминий», «Зоминий», «Даризанжир» ва «Фидойилар» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Шаар» канали тозаланаётганлиги сабабли лойқа сув оқаётгани кузатилмоқда. Канал атрофида жойлашган ноқонуний чиқиндиларни тозалаш тадбирларига мутасадди корхона ва ташкилотлар жалб қилинди.

Ўз навбатида, айтиш жоизки, ушбу ноқонуний чиқиндихона кеча ёки бугун эмас, балки йил давомида вужудга келган. Кўчаларни озода тутиш, чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, ободонлаштириш ишларини доим назоратда тутиш, огоҳ бўлиш нафақат ваколатли ташкилотлар, балки фуқароларнинг ўзлари ҳам масъулдирлар. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конститутциясида ҳам фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар, деб кўрсатилган, — дейилади Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси жавоб хатида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг